Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Kun.uz муросага келди
Жамият
−
18 Ноябрь 2019
8184Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 ноябрь оқшомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга нисбатан айтган қўпол ва таҳдид кўринишидаги аудиоёзуви тарқалди. Шундай буён ушбу аудиоёзув муҳокама майдонининг асосий мавзусига айланди.
Бу орада Журналистлар уюшмаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ўз баёнотлари билан чиқишди. Бош прокуратура ўрганиш ишларини олиб бораётганини маълум қилди.
Бу орада Kun.uz интернет нашри овозли ёзувни ҳақиқийси таҳририятда сақланаётгани, уни ҳуқуқ-тартибот органларини тақдим этишини маълум қилди.
Бугун, 17 ноябрь куни Kun.uz интернет нашри навбатдаги баёнотни эълон қилди. Унда қайд этилишича, бўлиб ўтган воқеалар икки тараф ўртасидаги тушунмовчилик бўлиб, таҳририят ходимлари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашган ва тушунмовчиликка барҳам берилган. Таҳририят шундай дейди:
“Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ва маҳаллий интернет нашрларида Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Kun.uz мухбирларини ҳақоратлаётгани, уларга жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид қилаётгани акс этган аудиоёзув фаол равишда муҳокама қилинмоқда.
Шу сабабдан бугун, 17 ноябрь куни вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz таҳририяти вакиллари ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида шаҳар ҳокимлиги ва сайт таҳририятига тааллуқли, юзага келган муаммоли масалалар муҳокама қилинди.
Шуни расман маълум қилмоқчимизки, мазкур мулоқот якунига кўра сайт жамоаси ва пойтахт ҳокимлиги раҳбарияти ўртасидаги барча тушунмовчиликлар барҳам топди. Томонлар бир-бирини тушуниб, ўзаро муросага келди.
Сайт таҳририяти ҳокимнинг ушбу вазият юзасидан билдирган мулоҳазаларини қониқарли деб топади.
Ҳамкасблар, бошқа нашрларнинг журналистлари ва блогерларга шундай паллада фаол қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз.
Шу билан биргаликда, улардан бу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраймиз, зеро фақат икки тарафгагина тегишли бу низо турли сиёсий кучлар ва шахслар томонидан тор манфаатлар йўлида қурол сифатида фойдаланилишини хоҳламаймиз”.