Жаҳон кубогида ўзбекистонлик шахматчиларнинг бугунги натижаси қандай?
Спорт
−
04 Август 2023
6496Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон кубоги давом этмоқда. Бугун, 4 август куни мусобақанинг 2-босқич тай-брэк баҳслари ўтказилди. Унда икки нафар ўзбекистонлик шахматчи – Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоевлар иштирок этди.
Жавоҳир Синдоров австриялик Маркус Раггерни 1:0-2:1 кўринишидаги натижалар билан мағлубиятга учратган бўлса, Нодирбек Ёқуббоев Венгрия вакилига 1:1-1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Энди Синдоров эртага, 3-босқичда франциялик Максим Вашье-Лагравга қарши дона суради. Ёқуббоев эса турнирдаги иштирокини шу ерда якунлади.
Маълумот учун, мукофот жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган мазкур нуфузли мусобақа 24 августга қадар давом этади. Жаҳон кубогида 1-ўринни қўлга киритган шахматчи 111 минг, 2-ўрин соҳиби 80 минг, 3-ўриндан жой олганлар 50 минг доллар билан тақдирланади. Шунингдек, мусобақада учта совринли ўринни эгаллаганлар 2024 йили шахмат тожи учун курашадиганлар қаторига киритилади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни Нодирбек Абдусатторов Жаҳон кубогининг 1/64 финали баҳслари доирасида рейтингда ўзидан 60 поғона пастда бўлган туркиялик рақибига имкониятни бой бериб қўйган эди. Партия ўртасида позицион устунликка эга бўлган Нодирбек ноаниқ юришлар қилишни бошлаб, 35-юришда ўта қўпол хатога йўл қўйди ва бу хатоси рақибга тўлиқ устунлик берди. Ваҳоб Санал бу устунликни сақлаб қолган ҳолда 44-юришдан сўнг Нодирбекни таслим қилди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15