Жаҳон чемпионлари Ўзбекистонда тантанали кутиб олинди
Спорт 11 Июнь 19:26 880
image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1-8 июнь кунлари Фижининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси  аъзолари атиги икки нафар спортчи билан қатнашиб, якунда 6 та олтин медалга сазовор бўлди. Жаҳон чемпионати баҳсларида Адҳамжон Эргашев 67 кг гача ҳамда Акбар Жўраев 109 кг гача вазн тоифаларида даст ва силтаб кўтариш, шунингдек, икки кураш натижасига кўра барча рақибларини ортда қолдирган ҳолда олтин медалларни ўз ҳисобларига ёздириб қўйди. Эътиборлиси, бу натижа ўзбекистонлик спортчиларга эркаклар ўртасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни тақдим этди.

Бугун, 11 июнь куни Фижи оролларида ўтказилган жаҳон чемпионати қаҳрамонлари Тошкентга қайтиб келди. Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида бўлиб ўтган тантанали кутиб олиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, шунингдек мамлакат оғир атлетика федерациясининг вакиллари, спортчиларнинг оила аъзолари, ОАВ ходимлари ҳамда кенг спорт жамоатчилиги иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов спортчиларимизга ўз тилакларини билдирди.

“Сиз олис Фижи мамлакатида ҳақиқий матонат ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатдингиз. Биз сизлар билан фахрланамиз. Умид қиламизки, Токио олимпиадасида ҳам мана шундай ғалабалар билан халқимизни, спорт мухлисларини ва албатта, Президентимизни хурсанд қилишда давом этасиз”, деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 3.1