Жаҳон чемпиони бўлишга асосий номзодлар маълум қилинди
Спорт
−
29 Сентябрь 2022
12851Жорий йилнинг 20 ноябридан 18 декабригача Қатар яшил майдонларида футбол бўйича навбатдаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу мундиалда ғолиб чиқиш учун асосий даъвогар сифатида Бразилия терма жамоаси кўрилмоқда. Бу ҳақда “Тhe Guardian” нашри ёзмоқда.
Бразилия ҳозирги кунда дунёнинг энг ҳужумкор жамоаларидан бири ҳисобланади. Термада Винисиус Жуниор, Родриго Силва де Гоис, Неймар Жуниор, Антони, Габриэл Жезус ва Рафинья каби супер истеъдодли ҳужумчилар тўп тепади. Айниқса, бразилияликларнинг етакчиси Неймар Жуниор ушбу мавсумда ўзининг энг яхши даврларига қайтаётгандек туюлмоқда. Тите қўл остидаги жамоада Алисон Бекер ва Эдерсон Мораес каби савияли дарвозабонлар ҳам мавжуд. Бразилияга ҳимоя ва ҳужумда ресурс камлиги панд бермаса, Тите шогирдлари мундиал ғолиблигини тантана қилишлари мумкин.
Жаҳон чемпионатининг иккинчи рақамли фаворити сифатида Лотин Америкасининг яна бир вакили Аргентина терма жамоаси қайд этилмоқда. Лионель Скалони шогирдлари 38 та учрашувдан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Албатта, улар ҳақли равишда мундиалда ҳам ғолиб чиқишга асосий номзодлар қаторидан жой олди. Қолаверса, Лионель Месси ҳам ушбу мавсумда яйраб ўйнамоқда. Юқори эҳтимол билан Қатар-2022 Мессининг фаолиятидаги охирги мундиал бўлади. Лео эса ушбу мундиални ўзи ва жамоаси учун мутлақо юқори савияда ўтказишга тайёрлигини исботлаб бўлди.
Кучли учликка Испания терма жамоаси якун ясаб берган. Испания сўнги йилларда авлодлар алмашувини бошидан кечирди. Албатта, ҳозирги Испания таркиб борасида жуда кўп жамоалар билан баҳслаша олмайди. Бироқ Луис Энрике фойдаланиши мумкин бўлган футболчилардан яхши жамоа тузган. Буни Европа Миллатлар лигасининг Португалияга қарши учрашуви кўрсатиб берди. Испанлар таркиб жиҳатдан ўзларидан устун португалларни мағлуб этиб, Миллатлар лигасининг ярим финалига йўл олди.
“Тhe Guardian” талқинига кўра, мундиални ютишга асосий номзодларнинг ўнталиги қуйидагича кўриниш олган:
1. Бразилия;
2. Аргентина;
3. Испания;
4. Нидерландия;
5. Германия;
6. Дания;
7. Франция;
8. Хорватия;
9. Англия;
10. Сербия.
Бельгия терма жамоаси номзодлар қаторида 12-ўринда қайд этилган бўлса, Португалия 14-ўрин билан чекланган.
Осиё жамоалари орасида энг яхши кўрсаткич Япония термасига тегишлидир. Кунчиқар юрт вакиллари 20-ўринни эгаллаб турибди. Саудия Арабистонига эса мундиалнинг энг аутсайдер жамоаси сифатида баҳо берилган.
Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатининг бошланишига салкам икки ой вақт борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, жамоаларнинг ҳолати мутлақо тескари тарафга ўзгариб кетиши мумкин.
LiveБарчаси