Қатардаги ЖЧ тарихдаги энг қиммат футбол мусобақасига айланди

Спорт 9875
image

Мухлислар Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида 2018 йилги Россия мундиалидан кўра, 40 фоизга кўпроқ чипталар сотиб олиши кутилмоқда. Энг қиммат чипталар эса финал ўйинига чиқарилган. Ҳал қилувчи ўйиннинг бир дона чиптаси 814 долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

“Keller Sports” тадқиқотларига кўра, Россиядаги мундиалга чиқарилган чипталарнинг ўртача нархи 254 долларни ташкил қилган. Қатарда эса ушбу нарх 340 доллар атрофида бўлади. 

Қайд этилишича, Қатар мундиали учун чиқарилган чипталар сўнгги 20 йил ичидаги энг қиммати ҳисобланади. Финал чипталари эса тўрт йил аввалгига қараганда 59 фоизга қимматроқ.

Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати аллақачон тарихдаги энг қиммат футбол мусобақасига айланди. Мамлакатда олтита янги стадион қуриш ва яна иккита аренани тўлиқ таъмирлашга 3 миллиард доллар атрофида маблағ сарфлангани айтилади. Мундиал учун қилинган умумий харажат эса тахминан 200 миллиард долларга баҳоланади.

Энг кўп маблағ пойтахт Доҳа инфратузилмасини кенгайтириш учун сарфланган. Масалан, транспорт йўллари ва халқаро аэропортни реконструкция қилиш учун кўп маблағ кетган.

FIFA'нинг маълумотларига таяниладиган бўлса, ноябрь ойига қадар саккиз стадионда 3 миллион дона чипта сотиб бўлинган.

Сўнгги йигирма йил ичида Жаҳон чемпионати учун энг арзон чипталар 2006 йили Германияда бўлиб ўтган мундиалда сотилган. Ўшанда мухлислар ўртача ҳар бир чипта учун 100 доллар тўлаган. Финал чипталарининг нархи эса ўртача 262 долларни ташкил қилган. 

Маълумот учун, Қатар футбол бўйича энг катта мусобақага мезбонлик қиладиган илк араб давлатига айланди. Мундиал жорий йилнинг 20 ноябридан 18 декабригача бўлиб ўтади.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 416
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×