Жаҳон банки Ўзбекистонга 50 млн доллар қарз беради
Жамият
−
01 Декабрь 2023
4751Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши кеча, 30 ноябр куни "Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик"лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа ҳукуматнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги минглаб ёшларни рақамли кўникмаларга ўқитиш ва ахборот технологияларига асосланган хизматлар (ITES) соҳасида ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
"Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланаятган янги лойиҳа Ўзбекистонга ITES хизматлари соҳасидан иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадларида фойдаланишга ёрдам беради. Мамлакатнинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадини кўзлаган ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT-Park томонидан амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ушбу тайёрлов курсларидан ўтган шахсларни ишга оладиган ITES компаниялари учун турли хил рағбатлар тақдим етилади", деган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Прогнозларга кўра, 2029 йилда лойиҳа якунига келиб, ITES хизматлари соҳасида Ўзбекистонда 25 минг киши иш билан таъминланиши ва 15 минг киши турдош соҳаларда иш топиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Келгусида бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITES марказлари ишга туширилади.
Маълумот учун, лойиҳа чора-тадбирлари натижасида 240 га яқин янги ITES компаниялари IT-Park резидентларига айланади ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки келгусида Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь