Жаҳон банки келгусида Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни айтди
Жамият
−
06 Октябрь 2023
9000Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 2023 йилда 5,5 фоизга яқинлашиши (июнь ойидаги прогнозга нисбатан +0,4 фоиз пункт) ва ўрта муддатли истиқболда аста-секин тезлашиб, 2024 ва 2025 йилларда мос равишда 5,6 ва 5,8 фоизга етиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 5 октябрь куни эълон қилинган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиёти бўйича ҳисоботида келтирилган.
Прогнозга кўра, 2023 йилда Россиядан пул ўтказмалари ҳажмининг пасайиши фонида истеъмол даражасининг ўсиши ҳам камаяди. Айни пайтда пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши билан мамлакатнинг жорий ҳисоби дефицити биринчи ярим йилликда 6,3 фоизга етган ва бу ўсишда давом этиши айтилмоқда.
Энергетика соҳасига юқори харажатлар, давлат секторида таълим, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларга кўпроқ харажатлар ҳамда бюджет даромадларининг камайиши ҳисобига 2023 йилда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 5 фоизигача ошиши мумкин.
“Бюджет тақчиллигини 2024 йилда ЯИМнинг 4 фоизигача ва 2025 йилда 3,6 фоизигача камайтиш билан ҳукумат ўрта муддатли истиқболда бюджетни консолидация қилиши кутилмоқда. Бу давлат корхоналари учун солиқ имтиёзларининг камайиши, энергетик субсидиялар харажатларининг пасайиши ва давлат активларини хусусийлаштириш туфайли молиявий тушумларнинг кўпайиши билан боғлиқ бўлади”, дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, Ҳукумат ташқи қарз олиш бўйича ўз чекловларига риоя қилиши кутилмоқда. Шунга қарамай, давлат қарзи 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 36 фоизигача ўсган ва 2024 йилда 36,6 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя дастурлари кенгайганига қарамай, пул ўтказмалари ва шахсий истеъмол ўсишининг секинлашиши камбағалликни камайтиришда кутилаётган ютуқларни чеклаши мумкин. 2023 йилда камбағаллик даражаси 13,9 фоизгача камайиши эҳтимоли мавжуд.
Россиядаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши, юқори ташқи инфляция босими ва кутилганидан қаттиқроқ глобал молиявий шароит ушбу кутилмаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Иқтисодиёт учун потенциал ижобий тенденциялар қаторига Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотлари – олтин, табиий газ ва мис нархларининг кўтарилиши ҳамда ишлаб чиқаришнинг жадалроқ ўсиши киради.