Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотлар учун 800 млн доллар ажратмоқчи
Жамият
−
04 Октябрь
1800Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишидаги 800 миллион долларлик молиялаштириш пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ислоҳотлар мамлакатнинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган. Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланган ҳукуматнинг таркибий ислоҳот дастури ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:
- қишлоқ хўжалиги;
- темирйўл ва энергетика соҳаларида самарадорликни ошириш;
- давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш;
- ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
- мамлакатнинг атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга тайёрлигини ошириш.
Ушбу маблағлар ҳукуматга халқаро молия бозорларида мавжуд бўлган қарз олиш опцияларидан пастроқ фоиз ставкалари ва узоқроқ муддатларда тақдим этилади. Бу Ўзбекистонга муҳим молиявий ресурсларни тежашга ёрдам беради, бу маблағлардан долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фойдаланилади. Жаҳон банкининг молиялаштириши ҳукуматга тузилмавий ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ёрдам беради. У қуйидаги соҳаларда аниқ натижаларга эришишни назарда тутади:
1. Ижтимоий ҳимоя тизими: Фуқароларнинг айрим тоифалари учун ишсизлик, касаллик ва оналик нафақалари қамровини кенгайтириш.
2. Гендер асосидаги зўравонликка қарши кураш: Оилавий ва жинсий зўравонлик қурбонларининг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш.
3. Фермерларнинг қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш: Ушбу ҳуқуқларга риоя этилишини кафолатлаш механизмларини ишлаб чиқиш. Уларнинг қонунчиликка киритилиши фермерларни янада самарали деҳқончилик усулларига сармоя киритишга ундайди. Бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширади.
4. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш: инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишни кафолатловчи қонунчиликни ишлаб чиқиш. Шунингдек, инвесторларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, катта ҳажмдаги хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб қилиш учун шарт-шароит яратишга хизмат қилади.
5. Давлат молиясини бошқариш: фискал рисклар ҳақида ҳисобот бериш механизмларини ишлаб чиқиш ва давлат харидларини бошқаришни такомиллаштириш. Ушбу чора-тадбирлар бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ва самарадорликни оширади.
6. Иқлим ўзгаришига қарши кураш: Иқлим ўзгаришига ҳисса қўшадиган ҳаво чиқиндиларини камайтиришни рағбатлантирадиган қонунчиликни ишлаб чиқиш. Ушбу қонунчилик, шунингдек, иқтисодиётнинг энергияни кўп талаб қиладиган тармоқларида энергия самарадорлигини рағбатлантиришга қаратилган.
7. Сув ресурсларини бошқариш: Сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сув етказиб берувчилар ҳамда фойдаланувчиларнинг масъулиятини кучайтириш учун институционал ва ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш. Бу чора-тадбирлар, шунингдек, соҳага давлат сармоясини жалб қилиш ва қўшни давлатлар билан келишилган ҳолда трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш имконини беради.
8. Атроф-муҳит ва иқлимга таъсирни баҳолаш: Иқлим ўзгариши, атроф-муҳит омиллари ва ҳаво ифлосланишининг иқтисодиётнинг турли тармоқларига, шунингдек, одамлар саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини баҳолаш бўйича ҳокимиятнинг салоҳиятини ривожлантириш. Бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жумладан, ҳаво, тупроқ, ер усти ва эр ости сувлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасидаги салоҳиятни ривожлантиришга ҳам тегишли.
LiveБарчаси