Украина Жаҳон банкидан салкам 5 млрд доллар олади
Олам
−
23 Ноябрь
1126Украина PEACE лойиҳаси доирасида Жаҳон банкидан яна 4,8 миллиард доллар олади. Бу ҳақда кеча, 22 ноябрь куни мамлакат Бош вазири Денис Шмигаль Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
“Биз ушбу ёрдамни молиялаштириб, мамлакатимиз ва халқимизга ўта муҳим ёрдам кўрсатаётган Қўшма Штатлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлардан жуда миннатдормиз”, дея қўшимча қилган у.
Шу билан бирга, Dpa агентлигининг қайд этишича, Россия босқини бошидан бери Украина фақат бюджет харажатлари учун иттифоқчиларидан 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ олган. Маблағларнинг катта қисми кредитлар кўринишида берилган.
Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиётлари – Германия, Франция, Италия ва Испания, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Буюк Британия АҚШнинг Киевни қўллаб-қувватлаши қисқариши эҳтимоли фонида Украинага ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳарбий ва молиявий юкни ўз зиммасига олишга тайёр. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Варшавада юқоридаги давлатлар Ташқи ишлар вазирлари, ЕИ Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимида Жозеп Боррелни алмаштириши керак бўлган эстониялик Кая Каллас иштирокидаги учрашув якунлари бўйича журналистлар билан суҳбатда маълум қилган.
“Мен Европа Иттифоқининг энг йирик мамлакатлари АҚШнинг иштироки қисқариши мумкинлиги муносабати билан Украинани ҳарбий ва молиявий қўллаб-қувватлаш юкини ўз зиммасига олишга тайёрлигини ҳурмат билан қайд этаман”, дея Польша Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган АFP.
Германия, Франция, Италия ва Польша Ташқи ишлар вазирларининг Варшавадаги учрашуви Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши бошланганидан бери 1000 кунлигига тўғри келди. Ушбу тадбирдаги муҳим мавзу Дональд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши ҳақида бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Жаҳон банкининг урушдан жабр кўрган мамлакатни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида 1,34 миллиард доллар олгани хабар қилинганди. Украина учун ажратилган қўшимча ўша маблағлар Жаҳон банкининг Украинага ёрдам бериш, қайта тиклаш, қайта қуриш ва ислоҳ қилиш траст фонди орқали ўтказиладиган Норвегия (190 миллион доллар), АҚШ (50 миллион доллар) ва Швейцария (20 миллион доллар) пулларидан ташкил топганди.
LiveБарчаси