Украина Жаҳон банкидан қанча доллар олганини айтди
Олам
−
26 Декабрь 2023
9919Украина кеча, 25 декабрь куни Жаҳон банкининг урушдан жабр кўрган мамлакатни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида 1,34 миллиард доллар олганини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлиги хабар берган.
“Молиялаш Жаҳон банкининг 1,086 миллиард долларлик маблағидан иборат бўлиб, у Украина ҳукумати кафолати остида Украина учун зарур бўлган кредитни кучайтириш (ADVANCE UKRAINE) мақсадли жамғармаси орқали тақдим этилган”, дейилади Украина Молия вазирлиги баёнотида.
Украина учун ажратилган қўшимча маблағлар Жаҳон банкининг Украинага ёрдам бериш, қайта тиклаш, қайта қуриш ва ислоҳ қилиш траст фонди орқали ўтказиладиган Норвегия (190 миллион доллар), АҚШ (50 миллион доллар) ва Швейцария (20 миллион доллар) пулларидан ташкил топган.
"Маблағлар Украина Давлат бюджетининг хавфсизлик ва мудофаа билан боғлиқ бўлмаган харажатларини, жумладан, кексалик учун ижтимоий тўловлар ва Давлат Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари маошини қисман қоплаш учун ишлатилади", дейилади хабарда.
Молия вазири Сергей Марченко, халқаро молиявий ёрдам Украинанинг иқтисодий барқарорлигини сақлашга муҳим ҳисса бўлиб, уруш даврида устувор ижтимоий харажатларни таъминлашга имкон беради, деб ҳисоблайди.
“Тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан бери Япония, АҚШ, Норвегия ва Швейцария ҳукуматлари Украинани содиқ қўллаб-қувватлаши ва бирдамлигини қайта-қайта намойиш этди. Мен ҳамкорларимизга Украина учун ҳал қилувчи вақтда ҳамкорлик қилиш ва бизга ёрдам беришга тайёр эканликлари учун миннатдорман,” дея қўшимча қилган вазир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 4 декабрь куни агар АҚШ Конгресси Киевга ёрдам кўрсатиш учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, йил охиригача АҚШнинг Украинага қурол-яроғ ва техника сотиб олиш учун ресурслари тугаши маълум қилинган эди.
LiveБарчаси