Жээнбеков Хитой-Ўзбекистон темир йўлини Европа ва Осиёнинг боғланиши деб атади
Олам
−
24 Сентябрь 2020
5659Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилишини “Осиёни Европа билан боғлаш”, деб эътироф этди. Бу ҳақда давлат раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясидаги нутқида гапирган.
Президентга кўра, Қирғизистон Республикаси Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликка алоҳида аҳамият беради.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар жадал ривожланмоқда. Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун биз энг юқори даражада минтақавий мулоқот майдончасида фаол иштирок этамиз”, дейди Жээнбеков.
Қирғизистон раҳбарининг алоҳида урғулашича, Марказий Осиё халқлари фаровонлигини ошириш мақсадида иқтисодий ҳамкорликдаги тўсиқларни бартараф этиш асосий вазифалардан биридир.
“Транспорт-коммуникация йўлаклари, логистика марказлари ва терминаллар тизимини ривожлантириш ҳаётий аҳамиятга эга. Биз қадимий Буюк Ипак йўлининг асосий йўналишларини қайта тиклашимиз керак. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши ва ишга туширилиши Осиёни Европа билан боғлашдаги муҳим ҳиссамиз бўлади”, дейди Жээнбеков.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон ва Хитой расмийлари "Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой" темир йўл қурилиши лойиҳасинини муҳокама қилганди. Унда "Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой" темир йўли қурилиши лойиҳасини рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, ушбу темир йўл "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси доирасида энг муҳим транспорт коридорига айланиши мумкинлиги айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам кеча, 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясидаги нутқида охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсганини эътироф этиб, бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турганини қайд этганди.
Президент Мирзиёев минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф қилди.
LiveБарчаси