Жээнбеков карантин қоидаларини бузган вазирларни қаттиқ огоҳлантирди

Олам 1904
image

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков республика ҳукумати аъзоларидан ниқоб режими ва коронавируснинг хавфсиз масофасига риоя қилмаганлик учун жарима тўлашни талаб қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Ҳукумат аъзолари ниқоб режимига ва ижтимоий масофага риоя қилишнинг барча талабларини бузган ҳолда суратга тушишади, қучоқлашишади. Уларнинг барчаси жаримани тўлашлари керак", деди Жээнбеков Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг COVID-19 билан боғлиқ йиғилишида.

Гап Қирғизистон Бош вазири лавозимига Кубатбек Боронов тайинланганидан кейин вазирлар ва ҳукумат аппарати ходимларининг биргаликда тушган фотосурати ҳақида бормоқда. Боронов 17 июнь куни Қирғизистон ҳукуматига раҳбар лавозимига тайинланган эди.

"Ҳукумат аъзоларининг ижтимоий масофани сақламай ва ниқобларни тақмаган ҳолда тушган фотосурати бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетди. Бундай ҳаракатлар бизнинг коронавирус инфекциясига қарши курашдаги барча ҳаракатларимизни бекор қилади. Ҳукуматнинг оддий ходимларига нисбатан тегишли чоралар кўрилмаслиги керак. Менимча, улар раҳбарлари нимани буюрса, шуни қилади", деди Жээнбеков.

Қирғизистон қонунларига кўра, коронавирус пандемияси сабаб эълон қилинган фавқулодда вазият пайтида жамоат жойларида ниқобсиз юриш жисмоний шахслар учун 1 минг сом (12 доллар), юридик шахслар учун 5 минг сом (60 доллар) жарима солишга олиб келади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда 2789 та коронавирус инфекцияси ҳолати қайд этилган. 32 киши ҳаётдан кўз юмган, 1961 нафар бемор ушбу инфекциядан соғайган.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 3.2
t
×