Зеленскийнинг легитимлиги ўз ўрнида...ми?

Таҳлил

image

Ортда қолган 15 кун ичида Украинанинг айни дамдаги қонуний раҳбари Владимир Зеленскийнинг легитимлиги ҳақида турли гап-сўзлар янграй бошлади. Бу ҳақда энг биринчилардан бўлиб ўз фаолияти давомида оз эмас, кўп эмас нақд 5 маротаба президент этиб сайланган ва 24 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг қонуний президентлик даври тугаган ва Украина бўйича ким билан музокара олиб бориш масаласи сўроқ остида қолган. Бу гаплар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Сабаби Украинанинг амалдаги раҳбари 2019 йил 20 майдан ўз лавозимига киришган. Украинада Президент мандати 5 йил эканлигини ҳисобга олсак, бу йил ортда қолган 20 май кунида Зеленскийнинг бошқарув муддати тугаган. Сайловлар жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ ҳарбий ҳаракатларнинг давом этиши бунга йўл бермади. Шу ўринда, мамлакат раҳбарининг ҳокимияти қонуний ёки аксинча эканлигига ойдинлик киритиши мумкин бўлган асосий ҳужжат Конституция эканлигини эсдан чиқармаслик лозим. Аммо, афсуски, бу ҳолатда масалани ҳал қилишда Украина Конституцияси бироз оқсоқланмоқда. Бунга асосий сабаб эса айни дамда мамлакат ҳудудида содир бўлаётган уруш туфайли президент сайловларини ташкил қилиш имкони бўлмаган ҳолатда амалдаги давлат раҳбарининг ваколатлари билан боғлиқ масала қандай тартибга солиниши аниқ қилиб белгиланмаганидир. Конституция борасидаги бўшлиқ ҳозир украин элитаси билан бир қаторда мамлакат атрофида кечаётган можароларга алоқадор бўлган кучларни ҳам чуқур ўйга толдирган.

Айни шу кун келиши билан Кремль томондан бу масала юзасидан садо келди. Шунингдек, Путин яқинда Швейцарияда бўлиб ўтиши кутилаётган тинчлик саммити Зеленскийнинг Ғарб ҳамжамияти томонидан қонунийлигини тасдиқлашга қаратилганини ҳам таъкидлаб ўтди. Бироқ Украина раҳбари ҳокимиятининг қонунийлигини сақлаб қолиши учун бунга эҳтиёж борми? Путин нимага асосланиб бундай фикрларни илгари сурмоқда? Вазиятнинг ҳуқуқий аҳволи қандай? Келинг, ҳозир шу саволларга жавоб қидириб кўрамиз.

Путин нимага асосланяпти?

Июнь ойида Швейцарияда тинчлик саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган. Айрим қарашларга кўра, бу саммит Зеленскийнинг легитимлигини мустаҳкамлашга қаратилган, холос. Бироқ гап Президент ҳокимияти устида кетар экан, бу масала шу давлатда қарор топган Конституция орқали ҳал қилинади. Украина ҳам бундан мустасно эмас. Шундай экан, халқаро даражадаги йиғинлар ва бошқа доирадаги қарорлар мамлакат ички сиёсатидаги энг муҳим масалалардан бири бўлган давлат раҳбари ҳокимиятининг қонунийлиги билан боғлиқ масалага таъсир қилиши ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри. Саммит бу борада Зеленскийга фақатгина “маънавий” қўллов тақдим қилиши мумкин, аммо ундан буёғига ўта олмайди. Путин томонидан муҳокама марказига олиб чиқилган легитимлик масаласи фақат Украина Конституцияси билан белгиланади.

Ўз ўрнида, Путин ҳам Украина Конституциясига назар ташлаган ҳолда айрим моддаларда қайд этилган жумлаларга ишора қилди. Унинг сўзларига кўра, Зеленскийнинг қонунийлиги ҳақидаги саволга Украинанинг ўзида жавоб топилиши лозим.

“Биз Украина Конституциясида нима ёзилганига қарашимиз керак, қайси давлат органлари Украина Конституциясига мувофиқ, сайловларсиз, сайлов тартиб-қоидаларисиз узайтирилиши мумкин ва қайси бири бу ҳуқуқларга эга эмас – бу ҳуқуқий таҳлил асосида амалга оширилиши мумкин. Булар Украина сиёсий ва ҳуқуқий тизими учун саволлар”, деганди Россия раҳбари Тошкентдаги матбуот анжуманида.

Украина Конституциясининг Президент ва Олий Рада бўлимларини таҳлил қиладиган бўлсак, бу сўзлари билан Путин бевосита Конституциянинг 112-моддасига ишора қилган бўлиши мумкин. Хусусан, 112-моддада Украина Президентининг ваколатлари ушбу Конституциянинг 108, 109, 110 ва 111-моддаларига мувофиқ муддатидан олдин тугатилган тақдирда, кейинги сайловларгача бўлган даврда Украина Президенти лавозимида фаолият юритиш ва Президент вазифаларини бажариш Украина Олий Радаси раисига юкланади. Лекин юқорида қайд этилган моддалардаги ҳолатлар бўйичагина Рада раиси Президент лавозимини вақтинчалик эгаллаши мумкин. Бу ҳолатлар сирасига импичмент, соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ва вафот этиш сабаблари мавжуд. Бироқ Олий Рада раиси президент мандатлари якунига етган маҳалда давлат раҳбарининг ваколатларини зиммасига олиши мумкинлиги тўғрисидаги норма мавжуд эмас. Демак, агар Путин шу моддага суянган ҳолда Зеленскийнинг легитимлигини сўроқ остига олган бўлса, унинг бу асослари ўринли эмас.

Аммо бутун бошли мамлакатнинг Конституциясида бундан ташқари яна бир бўшлиқ мавжудлиги ушбу воқеалар фонида яққол кўзга ташланди. Конституцион нормаларга кўра, Олий Рада бутун мамлакат ҳудудида ҳарбий ёки фавқулодда ҳолат эълон қилинган даврда муддати тугаганлигидан қатъи назар тарқатиб юборилмайди. Бу эса Рада ўз ваколатларини вазият тақозо этган тақдирда сайловларсиз ҳам сақлаб қолиши мумкинлигини англатади. Бироқ мамлакат Конституциясида Президент билан боғлиқ шундай мазмундаги модда мавжуд эмас. Яъни, ҳарбий ҳолат президент сайлови ўтказилиши лозим бўлган даврга тўғри келса, бу ҳолатда амалдаги давлат раҳбарининг ҳокимияти қай тарзда амалга оширилиши аниқ белгиланмаган. Катта эҳтимол билан Путин шу ва юқорида баён этилган нормаларга асосланган ҳолда Зеленскийнинг ҳокимияти амалда бўладиган давр қонуний жиҳатдан ўз якунига етганини таъкидламоқда. Бир қарашда Россия Президенти томонидан билдирилаётган фикрлар маълум даражада далилларга эга. Аммо уруш ҳолатида ички беқарорликдан қочиш учун Конституциядан “дарча” қидириш унчалик ҳам ёмон қарор эмас.

Конституциядан маргинал асос

Украина Конституциясига кўра, Президент 5 йилга, фақат 2 муддатгагина сайланиши мумкин. Зеленскийда эса яна бир муддат имконият сақланиб турибди. Бу масалада унда муаммо мавжуд эмас. Бироқ барча саволлар амалдаги муддат ўз якунига етганига қарамай, унинг ҳали ҳам иқтидорда қолаётгани туфайли келиб чиқмоқда. Ушбу вазиятга турли призмалардан қаралмоқда ва ҳар ким ўз фикрини билдириб келяпти. Масала тўғридан тўғри юридик жиҳатдан ҳал қилиниши туфайли яна Украина Конституциясига мурожаат қилишга мажбурмиз. Украина Конституциясининг Президент бўлимида қайд этилган 108-моддасига кўра, Украина Президенти ўз ваколатларини Украинанинг янги сайланган Президенти ўз лавозимига киришгунга қадар амалга оширади. Кенг оммага тарқатилаётган хабарларда Конституция бўйича Зеленскийнинг ҳокимияти қонуний эканлигининг исботи сифатида ҳозирча бундан бошқа яроқли далил мавжуд эмас. Ундан ташқари украинларнинг бош қомусида Президент ўз ваколатларини ҳеч кимга ва ҳеч бир органга топшириши мумкин эмаслиги тўғрисида ҳам норма мавжуд. Бироқ булар ушбу масала юзасидан Зеленский томонга оғишувчи жуда заиф асослар ҳисобланади. Мазкур далил амалдаги давлат раҳбарининг ваколатлари автоматик тарзда давом этиб кетишини етарли даражада кафолатламайди.

Бундай ҳолатда Украинанинг амалдаги раҳбари учун мустаҳкам ва қатъий асос лозим эди. Сиёсий элита эса бундай асосни топди. Конституциянинг Олий Рада ваколатлари ҳақидаги моддасида Рада ваколатлари доирасига Украина Президенти сайловини тайинлаш белгиланган. Бу ваколатдан эса қуйидагича фойдаланилади:

Зеленскийни қутқараётган ҳужжат

2023 йилнинг ноябрида Олий Рададаги фракция раҳбарлари меморандум имзолади ва унга кўра, сайловлар мамлакатда содир бўлаётган уруш тугаганидан кейингина ўтказилиши мумкинлиги белгиланди. Аслида бу тартиб Украина миллий қонунчилигида аввал ҳам мавжуд эди, бироқ бу ердаги асосий масала сайлов қачон ўтказилиши эмас, балки президентнинг ҳокимиятини қонунийлаштириш эканини англаш қийин эмасди. Украина Марказий сайлов комиссияси раиси Олег Диденко урушни инобатга олган ҳолда Украина раҳбарининг 20 майдан кейинги ваколатлари автоматик равишда янги сайловлар ўтказилгунга қадар узайтирилишини айтди. Украинадаги сиёсий партиялар сайловларни уруш охиригача қолдиришга келишиб олди.

Ноябрь ойи ўрталарида содир бўлган бу жараёнда Олий Радада, яъни Украина парламентида ўз вакилига эга бўлган барча сиёсий партиялар меморандум имзолаган. Ҳужжатга кўра, парламент ва президентлик сайловлари уруш ва ҳарбий ҳолат тугаганидан кейин сайловга тайёргарлик кўриш учун етарли вақтда ўтказилиши керак ва амалдаги Президент ваколат муддати сайловларсиз узайтирилади. Ҳарбий ҳолат тугаганидан кейин камида олти ой ўтгач сайлов ўтказилиши мумкин, чунки бу муддат сайловга тайёргарлик кўриш учун етарли ҳисобланади.

Ҳужжатни “Халқ хизматчиси” фракциясидан Давид Арахамия, “Баткившина” партиясидан Юлия Тимошенко, “Европа бирдамлиги” фракцияси ҳамраиси сифатида Ирина Герашченко, “Овоз” фракциясидан эса Александра Устинова ва бошқа парламент гуруҳлари вакиллари имзолаган.  Ҳозирда Зеленский ҳокимиятининг дардига дармон бўлаётган яроқли асос айнан мана шу меморандум ҳисобланади. Қисқа қилиб айтганда, Владимир Зеленский учун ушбу ҳужжатнинг варақлари урушнинг якунланиши ва кейинги сайлов натижасигача бўлган муддат давомида “бункер” вазифасини ўтайди.

Халқаро муносабат

Албатта, Украинада бугун ваколат билан боғлиқ муаммоли вазият рўй бераётган бир пайтда, дунё ушбу вазиятга жим қараб тура олмайди. Бу жараёнда ташқи дунёдаги ҳамкорлар Зеленскийнинг бошқаруви ҳуқуқий жиҳатдан асосланиши учун далил ахтарса ва унинг мустаҳкам бўлишига жон куйдирса, бошқа бир славян давлати ҳисобланмиш Россия унинг легитимлиги тугаганини исботлаш учун тиришади. Халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ Владимир Зеленскийни гарчи расмий равишда унинг давлат раҳбари сифатидаги ваколати 20 майда тугаган бўлса ҳам уни Украина Президенти деб ҳисоблашда давом этишини эълон қилди. Ташкилот вакилининг сўзларига кўра, Зеленский БМТ учун Украина давлат раҳбари бўлиб қолаверади.Ташкилот уруш муаммоси ёнига ички сиёсий беқарорлик ҳам қўшилишини хоҳламагани кўриниб турибди. Шунинг учун айни дамда БМТ учун Зеленскийнинг легитимлиги жуда муҳим. БМТ Россия ва Украина ўртасидаги можаро ортидан халқаро муносабатларда юзага келган беқарорлик туфайли 2 йилдан ортиқ вақт давомида кучли зўриқишларни бошидан ўтказмоқда. Ташкилот дунёга керак ёки йўқ, деган савол анчадан буён долзарблашаётган пайтда, Шарқий Европадаги нотинчлик БМТнинг келажаги ҳақидаги саволларни янада урчитди. Шундай экан, БМТ уруш атрофидаги минтақавий муаммолар билан бир қаторда ички маҳаллий беқарорликлар ҳам бўй кўрсатишини истамайди.

Россия Федерацияси эса бу масала юзасидан чигаллик яратиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда. Сўнгги кунларда Россия расмийлари ва тарғиботчилари бир хил тезисни бир неча бор такрорлаб, 2024 йил 20 майдан кейин Владимир Зеленский ваколат муддати тугаши муносабати билан легитимликни йўқотганлигини тинимсиз айтиб келмоқда.

Зеленский эса бунга жавобан украиналиклар ўз Конституцияси ва қонунларини билишини айтди.

“Улар Россиянинг ноқонуний Президентининг Украина Президентининг ноқонунийлигига қарши баёнотлари, очиғини айтганда, зерикарли эканини тушунишади. Қизиқ эмас. Қонунларни ўқишни биладиган барча адекват одамлар ўқиб, хулоса топади. Хуллас, ростини айтсам, бу мени унчалик безовта қилмайди”, дея мавзуга нуқта қўйди Зеленский.

Хулоса қилиб айтганда, замонавий дунёда вазият сиёсий ечим талаб қилганда, ҳуқуқнинг бир четда сукут сақлаб туриши ҳайратланарли ҳодиса бўлмай қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг