Украина НАТОга қўшилади ёки ядровий қуролга эга бўлади – Зеленский
Олам
−
17 Октябрь
5624Украина Президенти Владимир Зеленский Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп билан аввалроқ суҳбатда Украинани ҳимоя қилиш учун НАТО аъзолигига муҳтожлигини айтган эди. Бу ҳақда Зеленский бугун, 17 октябрь куни Европа кенгашининг Брюсселдаги йиғилишидан кейинги якуний матбуот анжуманида маълум қилди.
Трамп билан суҳбат чоғида Зеленский Россия Будапешт меморандумининг кафолати эканини, унга кўра, ядро қуролидан воз кечиши эвазига Украинага ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ҳимоя қилиш ваъда қилинганини таъкидлаган. Бироқ, бу Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовузкор уруш бошлашига ва унинг ҳудудларини босиб олишига тўсқинлик қилмади.
"Бу йирик давлатлардан, бу ядровий кучлардан қайси бири жабр кўрди? Ҳаммаси? Йўқ, фақат Украина. Ким ядровий қуролдан воз кечди? Ҳамма? Йўқ, фақат Украина. Бугун ким жанг қилмоқда? Украина. Ва шунинг учун бизда шундай. Дональд Трамп билан суҳбатда мен унга шундай дедим:
“Ечим нима? Украинада ядро қуроли бўлади, бу биз учун ҳимоядир, ёки бизда қандайдир иттифоқ бўлиши керак. Биз бугун НАТОдан бошқа самарали иттифоқларни билмаймиз”, дея Трамп билан сентябрдаги суҳбати тафсилотларини маълум қилди Зеленский.
Унинг қўшимча қилишича, Украина ядро қуролидан кўра НАТОни танлайди ва Трамп буни эшитиб, шундай жавоб берган:
"Сизда адолатли далиллар бор"
Маълумот учун, 27 сентябрь куни Владимир Зеленский ва Дональд Трамп Украина Президентининг Америка сафари якунида Нью-Йоркдаги Trump Tower осмонўпар биносида учрашди. Бу уларнинг беш йил ичида биринчи шахсий учрашуви эди. 40 дақиқа давом этган суҳбат давомида Трамп бўлажак президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Украинадаги урушни тугатишини яна бир бор таъкидлади. Украина етакчиси билан суҳбатидан сўнг Трамп иккала томон ҳам “адолатли келишув”ни исташларини таъкидлади.
“Бизнинг муносабатларимиз жуда яхши, ўзингизга маълумки, мен Президент Путин билан ҳам жуда яхши муносабатдаман ва ўйлайманки, агар биз (Республикачилар партияси) ғалаба қозонсак, ҳаммасини жуда тез ҳал қиламиз”, деди Трамп учрашув олдидан журналистларга.
Зеленскийнинг Трампнинг Украина билан муносабатлари Россия Федерациясига қараганда яхшироқ деган сўзларига жавобан АҚШнинг собиқ президенти шундай жавоб берди:
"Танго учун икки киши керак"
Дональд Трамп Украинага оид режаларини ошкора эълон қилмаган, бироқ сайловолди кампанияси давомида бу борадаги саволлардан қоча олмади. Республикачи, агар у қайта сайланса, "урушни тугатиши"ни бир неча бор таъкидлаган, буни аниқ қандай режалаштираётгани тафсилотларини ошкор этмаган. Аввалроқ у Украинага молиявий ёрдамни тўхтатиш нияти ҳақида ҳам гапирган эди.
LiveБарчаси