Зеленский, Шольц ва Макрон. Уч раҳбар Россияни нимага чорламоқда?

Олам 5492
image
-

Брюсселда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Украина раҳбари матбуот хизмати хабар берган.  

Хабарда айтилишича, Владимир Зеленский Украина “чегарадаги ҳеч қандай провокацияларга берилмаслигини, бошқа томонларга нисбатан тажовузкор ниятлари йўқлигини ва вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори” эканини таъкидлаган. 

“Россия қўшинлари ва қуроллари Украина чегараларидан имкон қадар тезроқ олиб чиқилишини кутаман. Ҳозирча дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамай, улар бизнинг чегараларимизда қолмоқда”, дейилади давлат раҳбарининг баёнотида. 

Томонлар Норманд форматида фаол ишлашни давом эттириш ва 2019 йил 9 декабрда бўлиб ўтган Париж саммитида тўрт томон қабул қилган қарорлар ижросини таъминлаш зарурлигига келишиб олган. Владимир Зеленский бу биринчи навбатда можаро ҳудудидаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини таъминлаш, маҳбусларни ўзаро озод қилиш ва иккита янги назорат-ўтказиш пунктини очиш каби шошилинч чораларга тааллуқли эканини таъкидлаган. 

Қайд этилишича, Владимир Зеленский, Олаф Шольц ва Эммануэль Макрон Донбассдаги вазиятни барқарорлаштиришда ҳақиқий муваффақиятга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олган ва Россия томонини бунинг учун Норманд форматида конструктив ишларни давом эттиришга чақирган. 

Маълумот ўрнида, Ғарб матбуоти ва сиёсатчилари сўнгги пайтларда Москва Украина билан чегарада қўшинларини жамлаётганини таъкидлаб келмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ўз қуролли кучларини ўз ҳудуди ва ўз хоҳишига кўра кўчираётганини, унинг ҳаракатлари ҳеч кимга таҳдид солмаслигини ва ҳеч кимни безовта қилмаслиги кераклигини айтиб келмоқда. Москванинг таъкидлашича, “Россия тажовузкорлиги” ҳақидаги хабарлар чегара ҳудудларида НАТО кучларини тўплаш учун баҳона сифатида фойдаланилмоқда.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 186
Рейтинг: 3
t
×