Зеленский россиялик журналистларни жазолашга ваъда берди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Қуролли кучларининг Украина ҳудудидаги ҳарбий операцияси вақтида ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган россиялик оммавий ахборот воситалари ходимларини “жазолаш”га ваъда берди. 

Кеча, 28 июнь куни Украина Президенти идораси томонидан эълон қилинган кечки видеомурожаатда Зеленский яқинда БМТда қандай нутқ сўзлаганини тасвирлаб берди ва Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатларини кўриб чиқиш учун трибунал яратишга чақирди.  

“Мен ушбу террор ҳақида ёлғон гапирган, Россия армиясининг ҳаракатларини оқлашга уринаётган россиялик тарғиботчиларнинг жавобгарлиги ҳақида алоҳида айтмоқчиман. Ҳар бирингиз жазоланасиз”, деган Зеленский. 

Украина Президенти россиялик оммавий ахборот воситалари ходимларини қандай “жазолаш” ниятида эканлигига аниқлик киритмаган. 

Аввал хабар берганимиздек, Зеленский БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида видеоконференцалоқа воситаси орқали нутқ сўзлади. У Россияни “террорчи давлат” деб тан олиш, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариб юбориш ва унинг ҳаракатларини кўриб чиқиш учун “трибунал” тузишга чақирди. БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши Украина ташаббуси билан ракета ҳужумлари масаласини кўриб чиқиш учун чақирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Полтава вилояти Кременчуг шаҳрига Россия аэрокосмик кучлари томонидан ҳужум амалга оширилди. Расмий Москвага кўра, ракета зарбаси Кременчугдаги АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларидан келтирилган қурол-яроғлар омборига берилган. Бунинг оқибатида омбор яқинидаги савдо марказига ўт кетган. Киев эса ракета ҳужуми савдо марказига берилгани, бу вақтда дўконда одамлар бўлганини айтмоқда. Воқеадан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинага нисбатан “ҳаво ҳужумлари ва артиллерия ўқларининг янги тўлқини” ҳақида хавотирли баёнот берди. 

БМТнинг Украинадаги гуманитар ёрдам координатори Оснат Лубрани Кременчугга қилинган ҳужум бўйича мустақил тергов ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг