Зеленский марихуанани қонунийлаштирди
Олам
−
16 Февраль
8033Украина Президенти Владимир Зеленский тиббий каннабис (марихуана)ни қонунийлаштириш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Украина парламенти сайтида хабар пайдо бўлди.
Олий Рада қонунни 2023 йил 21 декабрда қабул қилган. Киритилган тузатишлар тиббиёт, ишлаб чиқариш, таълим ва илмий фаолиятда каннабиснинг айланишини тартибга солади. Қонунга кўра, каноп ўсимликлари ва улардан тайёрланган маҳсулотларни дам олиш учун сотиш тақиқланади.
Қонунда фақат юридик шахслар марихуанани тиббий мақсадларда этиштириши мумкинлиги айтилган. Ишлаб чиқариш майдончаси 24 соатлик видеокузатув остида бўлади, полиция эса ёзувлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Ҳар бир этиштириш иншооти, шунингдек, ҳар бир бута ва тайёр маҳсулот (ҳам каннабис ўсимликлари, ҳам каннабис асосидаги дори воситалари) индивидуал электрон кодлашдан ўтади.
Қонунда марихуананинг асосий фаол моддаси бўлган тетрахидроканнабинолнинг тиббий каннабис таркибида "0,3 фоизга тенг ёки ундан кўп" эканлиги айтилади.
Қонун бугун, 16 февралдан кучга киради ва унинг тўлиқ амалга оширилиши олти ойдан кейин бошланади.
Украина расмийлари каннабисни тиббий мақсадларда қонунийлаштириш зарурлигини, шу жумладан, бундай дорилар травмадан кейинги стресс бузилиши билан касалланган ҳарбий хизматчиларни реабилитация қилиш учун талаб қилинишини тушунтирди.
LiveБарчаси