Зеленский кузда “тинчлик формуласи” бўйича саммит ўтказилишидан умидвор

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский кузда “тинчлик саммити” ўтказилишига умид қилишини ва бу ҳафта Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган музокаралар ушбу мақсад сари қадам бўлишини айтди. Бу ҳақда у кеча, 2 август куни Украинанинг хорижий дипломатик муассасалари раҳбарлари билан учрашувда сўз очди.

Зеленский шу ҳафта Жиддада деярли 40 давлат иштирокида Украина томонидан таклиф этилган “тинчлик формуласи”ни амалга ошириш бўйича давлатлар раҳбарлари маслаҳатчилари ва ТИВ вакилларининг иккинчи учрашуви ўтказилишини эслатган.

“Учинчи қадам саммит – глобал тинчлик саммитини ташкил этиш бўлади. Бу кузда содир бўлишини таъминлаш учун ишламоқдамиз. Саммитда дунёнинг кўпчилик қисми — Шимол, Жануб, Шарқ, Ғарб вакиллари бўлиши керак. Дунёнинг аксарият давлатларини жалб қилиш учун ҳали вақт бор”, деган Президент.
Қайд этилишича, саммит ўтган йилнинг кузида Зеленский фаол илгари сурган 10 банддан иборат “тинчлик режаси”га асосланади. Унинг тинчликка бўлган қарашлари Украина ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тиклаш ва Россия қўшинларини тўлиқ олиб чиқиш, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини ҳимоя қилиш, ядро хавфсизлиги, барча маҳбусларни озод қилиш ва бошқа бандларини ўз ичига олади.

Саммитни ўтказиш жойи ҳозирча келишиб олинмаган. Украина ва Ғарб расмийлари саммитда Россия иштирок этмаслигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 5-6 август кунлари Украинадаги вазиятни тартибга солиш учун музокаралар бўлиши, унда кўплаб давлатлардан вакиллари иштирок этиши, бироқ Россия таклиф этилмагани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг