Зеленский кутилмаганда Саудия Арабистонига борди (видео)
Олам
−
09:26 3896 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 26 март куни олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Саудия Арабистонига етиб борди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Ташриф давомида Зеленский Макка губернатори ўринбосари шаҳзода Сауд бин Мишъал бин Абдулазиз билан учрашган. Учрашув ҳашаматли, олтин ва кумуш безаклар билан жиҳозланган залда бўлиб ўтган.
“Олдинда муҳим учрашувлар бор. Биз қўллаб-қувватловни қадрлаймиз ва хавфсизлик йўлида биз билан ишлашга тайёр бўлганларни қўллаб-қувватлаймиз”, дея ёзган Зеленский.
Ташрифдан аввал у Яқин Шарқ, хусусан Форс кўрфази давлатларига Украина дрон технологиялари хавфсизликни кучайтиришда фойдали бўлиши мумкинлигини айтган.
Унинг таъкидлашича, энергетика хавфсизлиги ва айниқса Европадаги ҳаёт даражаси кўп жиҳатдан ушбу минтақадаги нефть, газ ва бошқа ресурсларга, шунингдек глобал бозорлардаги барқарорликка боғлиқ.
Зеленский, шунингдек, замонавий урушда фақат янги қурол ишлаб чиқариш эмас, балки уларни амалда қўллаш тажрибаси ҳам муҳим эканини қайд этган. Унинг айтишича, Украина дронлардан фойдаланиш, уларни радарлар, авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан уйғунлаштириш борасида катта тажрибага эга.
Президент бунинг эвазига Яқин Шарқ давлатларидан ёрдам кутаётганини ҳам билдирган. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун айрим ракеталарга муҳтож ва бу масалада ҳамкорлик қилишни хоҳлайди.
Маълумотларга кўра, айрим Украина компанияларига Форс кўрфази давлатлари томонидан дронлар бўйича ҳамкорлик таклифлари аллақачон берилган, бироқ ҳозирча бу таклифлар Киев ҳукумати томонидан тўлиқ маъқулланмаган.
Live
Барчаси