Зеленский Хитойни Россияга қурол етказиб беришда айблади
Олам
−
18 Апрель 3514 2 дақиқа
Украина ўз разведка идоралари орқали Хитой Россияни артиллерия ва порох билан таъминлаётгани ҳақида маълумот олди, бундан ташқари, Хитой вакиллари Россия ҳудудида баъзи қуролларни ишлаб чиқариш билан шуғулланаётгани ҳақида далиллар мавжуд. Бу ҳақда кеча, 17 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.
“Биз ниҳоят Хитой Россия Федерациясига қурол етказиб бераётгани ҳақида маълумот олдик. Бугун бизда хавфсизлик хизмати, разведка идораларидан порох ва артиллерия ҳақида умумий маълумотлар бор. Ўйлайманки, келгуси ҳафта бу ҳақда батафсил гаплашамиз. Биз биламизки, Хитой вакиллари Россия ҳудудида баъзи қурол-яроғларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади”, деган Зеленский.
Шунингдек, Зеленский Хитой Раиси Си Цзиньпин билан суҳбат чоғида қурол сотмаслик ва Россияга жўнатмаслик ҳақида сўз берганини эслаган.
“Аммо, афсуски, биз ҳозир турли хил маълумотларни кўрмоқдамиз. Бизда Хитой ва Россиянинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича қилган ишлари ҳақида аллақачон фактлар бор ва бу ёмон фактлар”, деган Украина раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, Украина ушбу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик фактларини кўриб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский Россия армиясида камида 155 нафар хитойлик ёлланганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг ҳар бири бўйича Киевда маълумотлар мавжуд. Хитой фуқаролари Москвага борганидан сўнг 3-4 кун тиббий текширувдан ўтказилади, миграцион карталар ва "Мир" банк карталари берилади, сўнгра улар 1-2 ой давомида ўқув марказларида тайёргарлик кўради.
Зеленский Украина асирларига алмашиш шарти билан хитойликларни қайтаришга тайёрлигини билдирган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса ўз фуқароларининг Россия томонида уришаётганини рад этмоқда.