Зеленский Эрдўғанга Киев эҳтиёжлари рўйхатини юборди
Олам
−
07 Июнь 2023
11222Украина Президенти Владимир Зеленский туркиялик мавқедоши Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон мулоқотида Каховка ГЭСининг вайрон қилиниши масаласини муҳокама қилди ва унга ҳалокат оқибатларини бартараф этиш учун Киевнинг эҳтиёжлари рўйхатини топширди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида ёзди.
“Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали суҳбатлашдик. Россиянинг Каховка ГЭСидаги террорчилик актининг гуманитар ва экологик оқибатлари, шу жумладан Запарожье АЭСи учун хавфлари ҳақида гапирдим. Фалокатни бартараф этиш учун Украинанинг шошилинч эҳтиёжлари рўйхатини топширдим”, дейди Зеленский.
Шунингдек, у Украина ҳудудидан Россия қўшинларини олиб чиқишда Туркиянинг овози муҳим эканини қайд этган. Зеленскийнинг айтишича, ноқонуний ҳибсга олинган фуқароларни, хусусан, қрим-татарларни қайтариш, ғалла ташаббусини давом эттириш ва кенгайтириш масаласида ҳам Анқара муҳим аҳамиятга эга.
Кремль эса Путин ва Эрдўған суҳбатида Россия-Туркия ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинганини билдирган. Расмий баёнотга кўра, етакчилар бир қатор халқаро мавзулар, жумладан, кўп томонлама ташкилотларда келгусидаги мувофиқлаштириш масалаларини кўриб чиққан.
Украина атрофидаги вазият ҳақида гап кетганда эса Путин Киев расмийлари ҳарбий жиноятлар содир этишда айблаган.
“Улар ўзларининг ғарблик кураторлари таклифига кўра, ҳарбий ҳаракатларни авж олдириш, ҳарбий жиноятлар содир этиш, очиқдан-очиқ террорчилик усулларини қўллаш ва Россия ҳудудида қўпорувчилик уюштириш бўйича хавфли пул тикишда давом этмоқда. Бунинг яққол мисоли Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСини вайрон қилиш бўйича кенг кўламли экологик ва гуманитар фалокатга олиб келган ваҳший ҳаракатлардир”, деган Россия Президенти.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи вайрон бўлганди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Эрдўған эса Зеленский ва Путинга қўнғироқ қилиб, Каховка ГЭСидаги портлашни текшириш учун халқаро комиссия тузишни таклиф қилди.
LiveБарчаси