Ўзбекистон Омбудсмани Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянсига аъзо бўлади
Жамият
−
15 Март 2019
5568Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) салоҳиятини баҳолаш тўғрисида”ги якуний ҳисоботнинг тақдимотига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.
Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 2018 йил 4 майдаги қўшма қарори билан тасдиқланган Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “йўл харитаси”га мувофиқ, Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянсига аъзо бўлиш ва БМТнинг Париж тамойилларига мувофиқ ҳолда аккредитациядан ўтиш учун чоралар кўрилмоқда.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиевнинг қайд этишича, 2018 йил 25 сентябрь - 4 октябрь кунлари Омбудсманнинг салоҳиятини баҳолаш мақсадида Осиё-Тинч океани форуми, Глобал альянс, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва БМТ Тараққиёт дастури вакилларидан иборат мустақил халқаро экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бундай баҳолаш жараёни Марказий Осиёда биринчи марта Ўзбекистонда ўтказилди.
Тадқиқот давомида Омбудсман котибияти ходимлари ва Минтақавий вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Адлия, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси ва Адвокатлар палатаси вакиллари билан жамоавий ҳамда индивидуал интервью ва сўровлар ўтказилди. Бундай сўровлар республиканинг барча вилоятлари вакиллари иштирокида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида минтақавий миқёсда ташкил этилди.
Ўрганиш давомида ҳамкорлик даражасини аниқлаш, Омбудсман тавсияларини қабул қилиш даражаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда унинг ролини мустаҳкамлаш бўйича таклифларни тўплаш учун давлат ва жамоат ташкилотларининг 100 дан ортиқ ходимлари сўровга жалб этилди.
Тадқиқотлар натижаларига кўра, экспертлар гуруҳи “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг салоҳиятини баҳолаш тўғрисида”ги якуний ҳисоботини тақдим этди.
Унда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган: Ўзбекистонда демократик жараёнлар жадал ривожланиши учун янги сиёсий муҳит шаклланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг аҳоли учун ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишдаги ўрни ҳамда маҳкумларни афв этиш билан боғлиқ қарорларнинг самарадорлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Экспертлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институтининг ривожланишини қулай сиёсий муҳитнинг таъсири билан боғлашган.
Хусусан, Омбудсман фаолияти БМТнинг Париж ва Белград тамойилларига мос бўлган мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга.
2017 йилда қабул қилинган Омбудсман фаолиятига оид қонун инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш учун кенг ва ишончли ваколатларни тақдим этди.
Экспертлар парламент билан ҳамкорлик ҳукумат билан – идоралараро комиссиялар доирасида, фуқаролик жамияти билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш доирасида самарали кечганини эътироф этган.
Вакилнинг жазони ижро этиш муассасаларига, қамоқда сақлаш жойларига ва махсус қабулхоналарга монеликсиз кириш ҳуқуқидан фаол фойдаланаётгани эътиборга лойиқ.
Мониторинг гуруҳларига жамоатчилик ташкилотлари вакилларининг жалб этилиши, жумладан, “Human Rights Watch” халқаро нодавлат ташкилоти ва БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг иштироки ижобий баҳоланган.
Тадбирда Янги Зеландия пойтахти Веллингтон шаҳрида туриб онлайн иштирок этган Осиё-Тинч океани форумининг салоҳиятни баҳолаш услубиёти бўйича вакили Рослин Нунан Омбудсман инсон ҳуқуқларини таъминлпшда муҳим институт эканини таъкидлади.
Р.Нунан Ўзбекистонда бўлиб, Омбудсман фаолияти, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишганини мамнуният билан таъкидлади. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизими кучаяётганини эътироф этди.
Шу билан бирга, айрим эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар ҳам бор. Масалан, Омбудсманни молиявий таъминлаш етарли даражада эмас. Шарт-шароитларни яхшилаш керак. Омбудсманнинг минтақавий вакиллари кўнгилли асосда фаолият юритмоқда. Демак, уларнинг бевосита бажариши керак бўлган бошқа вазифалари бор. Бу эса уларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид тўлақонли фаолият юритишига тўсқинлик қилади.
Р.Нунан хоним тизимда гендер тенглиги таъминланмаганини алоҳида қайд этди.
Ушбу фикрларга жавобан Омбудсман У.Муҳаммадиев айни пайтда тизим фаолиятига оид ўзгаришлар бўлаётгани, шароит яхшиланаётгани, гендер тенглигини таъминлаш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.
Омбудсман томонидан БМТ Тараққиёт Дастури, БМТнинг Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Осиё-Тинч океани форуми ҳамда “Ҳаракатлар стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда экспертлар томонидан билдирилган таклифларни амалда таъминлаш, Омбудсман институтини янада мустаҳкамлаш бўйича мулоҳазалар билдирилди.
LiveБарчаси