Қўқонда шифокорларга дам бермаган раҳбар жазоланди
3-саҳифа
−
22 Апрель
5808Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида шифокорларни иш вақтидан ташқари, дам олиш кунларида ҳужжатлаштирмасдан ва ҳақ тўламасдан ишга жалб қилган раҳбар жазоланди. Бу ҳақдаги мурожаатни Омбудсман ўрганиб чиқди.
Маълум қилинишича, Қўқон шаҳрида жойлашган тери-таносил 2-сонли диспансери шифокорлари томонидан Омбудсманга жамоавий мурожаат келиб тушган. Мурожаатда ходимлар иш вақтидан ташқари, дам олиш кунларида ҳужжатлаштирилмасдан ва ҳақ тўланмасдан ишга, навбатчиликка жалб қилинаётганини, шунингдек, хизмат сафари харажатлари ўз вақтида қопланмаётганини билдирган.
Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили иштирокида жойига чиқиб ўрганилган. Ўрганиш натижаларига кўра, диспансер раҳбарияти томонидан Меҳнат кодексининг 189-моддасида (иш вақтидан ташқари иш) белгиланган талаблар қўпол равишда бузилгани, ходимлар оғзаки кўрсатмалар асосида расмийлаштирилмасдан ишга жалб қилиб келингани аниқланган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг бартараф этиш юзасидан Омбудсман томонидан Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига хулоса киритилган.
Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, Омбудсман киритган хулосаси натижасида диспансер раҳбарига нисбатан интизомий жазо – ҳайфсан қўлланилган, шунингдек, мурожаатда қайд этилган 5 нафар шифокорларнинг салкам 3 млн сўмлик хизмат сафари харажатлари тўлаб берилган.
Шу билан бирга, ушбу ҳолат диспансер жамоаси ва бошқа масъул ташкилотлар иштирокида муҳокама қилиниб, масъуллар меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этиш бўйича огоҳлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятидаги корхонада бетончи бўлиб ишлаб келган фуқарога унинг 21 ойлик иш ҳақи тўланмагани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси