Тошкент вилоятида бетончи 21 ой давомида маош олмади
3-саҳифа
−
13 Апрель 33096 1 дақиқа
Тошкент вилоятидаги корхонада бетончи бўлиб ишлаб келган фуқарога унинг 21 ойлик иш ҳақи тўланмади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоятда жойлашган “Оҳангароншифер” АЖда 2002 йилдан буён бетончи бўлиб ишлаб келаётган И.П. исмли ушбу фуқаро 21 ой давомида – 2023 йил мартдан 2024 йилнинг декабригача иш ҳақини ололмаган.
Фуқаро шундан сўнг ўзининг меҳнат муносабатларидаги бузилган деб ҳисоблаган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Омбудсманга мурожаат қилган. Мурожаат назоратга олиниб, тегишли ҳужжатлар ўрганилган ҳамда фуқаро манфаати учун судга даъво аризаси киритилган.
Суд қарорига асосан иш ҳақи, ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи учун компенсация, маънавий зарар учун жами 93,4 миллион сўм фуқаро фойдасига ундирилиши белгиланган.
Шу билан бирга, жавобгар иш берувчидан Ўзбекистон Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги мутахассислари уюшмасининг фойдасига мутахассис харажати учун 1,8 миллион сўм ҳамда 4 миллион сўм давлат божини ундириш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятидаги пахта титиш корхонасида меҳнат вазифаларини бажараётган вақтда электр токи уриши оқибатида вафот этган электрикнинг оиласига 126 миллион сўм тўлаб берилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси