Зарафшон дарёсида яна кўплаб балиқлар нобуд бўлди

Жамият

image

Зарафшон дарёсининг Навоий вилояти Кармана тумани ҳудуиддан оқиб ўтувчи қисмида 1000 га яқин балиқ нобуд бўлди. Бу ҳақда Навоий вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Бошқарма хабарига кўра, кеча, 4 сентябрь куни соат 9:15ларда Кармана туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси қирғоқларида кўплаб балиқларнинг нобуд бўлганлиги бўйича мурожаат келиб тушган. Ушбу ҳолат юзасидан вилоят экология бошқармаси томонидан тезкор равишда ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойига бориб ўрганилган.

Мазкур ўрганиш давомида жами 829 дона (486 дона товонбалиқ, 113 дона  сазан, 121 дона сом балиқ, 12 дона туркистон мўйловдори, 97 дона Самарқанд храмуляси) балиқлар нобуд бўлгани аниқланган. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “Navoiyаzot” АЖ ва “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ  корхоналарининг Зарафшон дарёсига  ташланадиган оқава сувларидан “Navoiyаzot”АЖ Санитар лабораторияси ва Экология бошқармасининг Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш аналитик  лабораторияси билан “Navoiyаzot”АЖ корхонасининг №-219 қудуқ, №-214 қудуқ, №-480 цех ва дарёга қуйиладиган №-267 қудуқлардан оқава сувлар намуналари олинган.

Балиқларнинг оммавий нобуд бўлиш сабабларини  аниқлаш учун вилоят Ветеринария ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташхиси лабораторияси ходимлари балиқлардан ҳам намуналар олган. Нобуд бўлган 829 дона балиқларни дарёдан йиғиб олиш учун қўшимча равишд резина қайиқлар ва Экология бошқармасининг давлат инспекторлари жалб этилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, табиатга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрь ойида ҳам Зарафшон дарёсида заҳарланиш туфайли кўплаб балиқлар нобуд бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

балиқ дарё экология

Баҳолаганлар

419

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг