“Заправка”ларда АI-80 маркали бензин сотувига чеклов қўйилдими?
Жамият
−
20 Октябрь 2023
7267Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда “заправка”ларнинг АI-80 маркали автобензинни кунига 10 тоннагача сотиши бўйича чеклов қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бунга муносабат билдирди. Қўмитага кўра, айни пайтда товар-хомашё биржаси орқали ёқилғи сотишга ҳеч қандай чекловлар киритилмаган.
“Биржа савдоларида, бензиннинг 80 фоизи 1 тонна лотларда, қолган қисмида вагон нормасида (60 ва 55 тонна) сотилмоқда. Август ойида жами кунлик 2,8 минг тонна маҳсулот қўйилган бўлса, октябрь ойида эса ёқилғи ўртача 3,2 минг тоннадан савдога чиқарилмоқда, яъни таклиф 14 фоизга оширилган”, дейилади муносабатда.
Шу билан бирга, қонунга кўра, қўмита бир сессияда ёқилғи харидининг максимал ҳажмини жорий этиш ҳуқуқига эга. Мавсумий талаб ва нархларнинг юқори ўзгарувчанлиги шароитида бозорни барқарорлаштириш учун бундай чора-тадбирлар жорий этилаётгани айтилган.
Жорий йилнинг август ойида бензин нархларининг ошиши натижасида маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 5 тонна этиб белгиланган эди.
Мазкур чоралар ҳамда таклифни оширилиши жорий йилнинг сентябрь ойи охирида ҳамда октябрь ойининг биринчи ярмида биржа савдоларида бензин нархларининг 10 фоизгача пасайишига ва бир мунча барқарорлашишига олиб келган.
Шунингдек, жаҳон бозорида нефтнинг қимматлашиши ва бир қатор давлатлар бензин экспортини чеклаганини ҳисобга олиб, ушбу ҳолатнинг маҳаллий бозорга босимини юмшатиш учун 17 октябрдан бошлаб қўмита кунлик харид лимитини 10 тоннагача оширган.
“Бугунги кунда Ўзбекистондаги 2 мингдан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларининг 99 фоизи АI-80 маркали бензин литрини 6800 сўмдан сотмоқда”, дея маълум қилган қўмита.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси бензин сотилишини назорат қилувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилгани, уларга ёқилғи тақчиллиги ва нархларни сунъий ошириб юборишга қарши чора кўриш юклатилганини билдирган.
LiveБарчаси