Запорожьедаги фалокат учун Байден ва Зеленский жавобгар – Володин

Олам 7350
image

Украинанинг Россия томонидан эгалланган Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган фожиалилар учун жавобгарлик АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина Президенти Владимир Зеленскийга юкланади. Россия Федерацияси Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин шундай фикр билдирди.

“Вашингтон ва Киев режимининг ҳаракатлари ядровий фалокат хавфини келтириб чиқаради”, дейди Володин.

Унинг таъкидлашича, Запорожье атом электр станцияси ракета ва оғир артиллериядан ўққа тутилмоқда.

“Бу Украинанинг аксарият вилоятлари ва бир қатор Европа давлатлари аҳолиси учун аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунинг учун масъулият Байден ва Зеленский, шунингдек Европа давлатлари раҳбарлари зиммасига тушади”, дейди Володин.

Давлат Думаси спикери, шунингдек, Европарламент Европа фуқаролари ҳаётига таҳдид солувчи масалани кўриб чиқиш учун бугун байрамларни тўхтатиб қўйиши тўғри бўлишини қўшимча қилган.

Маълумот учун, Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, УНИАН нашри 5 август куни рус босқинчилари Запорожье АЭСига тўрт марта ўқ узгани ҳақида маълумот берган эди. Шунингдек, Запорожье атом электр станцияси босқинчилар томонидан ўққа тутилганидан сўнг, Украина Президенти Владимир Зеленский давлатларни бутун Россия атом саноатига нисбатан қаттиқ санкциялар жорий этишга чақирган.

Россия эса АЭСга ҳужумда Украинани айлабяпти. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 181
Рейтинг: 3
Теглар
t
×