Зангиотадаги шифохонанинг Жонлантириш бўлимида жой қолмади

Жамият

image

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида барпо этилган коронавирусни даволашга ихтисослаштирилган янги шифохонада оғир аҳволдаги беморлар учун реанимация бўлимида жой етарли эмас. Бу ҳақда “Замон” ахборот-таҳлилий дастурида маълум қилинди. 

Лавҳада айни вақтда 40 кишига мўлжалланган Жонлаштириш бўлимида 70 дан ортиқ беморларга тиббий хизмат кўрсатилаётгани айтилади. Оғир беморларга жонлантириш бўлимида жой етарли бўлмагани сабаб, беморлар бошқа бўлимларда ҳам даволанмоқда. 

Шифокор Клара Пардаеванинг таъкидлашича, Жонлантириш бўлими энг оғир, кислородга муҳтож бўлган беморлар учун хизмат кўрсатади. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугунгача коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг қанчаси шифокорлар билан боғлиқ экани ҳақида аниқ рақамларни ошкор қилмай келмоқда. Бироқ, лавҳада таъкидланишича, мамлакатда 800 дан ортиқ шифокорлар ўз хизмат вазифасини бажариш жараёнида коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Улар орасида вафот этганлари ҳам бор. 

Шунингдек, мамлакатда касалланиш ҳолатлари бўйича ёш даражаси бўйича ҳам маълумотлар деярли ошкор этилаётгани йўқ. Зангиотадаги шифохонанинг Жонлантириш бўлимига олинган беморлар орасида эса 14 кунлик чақалоқлар ҳам бўлган. Бу ҳақда ушбу шифохонада хизмат фаолиятини олиб бораётган шифокорлардан бири маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилган 2 минг ўринга мўлжалланган янги шифохонанинг 1000 ўринга мўлжалланган биринчи биноси жорий йилнинг 6 июль куни фойдаланишга топширилди. Ушбу шифохонани 4 минг ўрингача трансформация қилиш имконияти бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Зангиота Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

244

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг