Замонавий бекатларда кондиционер ва вентиляторлар бўлмайди
Жамият
−
21:54 1761 2 дақиқа
Тошкентдаги янги автобус бекатларини қуришда кондиционер ва вентиляторларни ўрнатиш назарда тутилмаган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Жорий йилнинг 17 июль куни таҳририят томонидан Тошкент шаҳридаги автобус бекатларининг қурилиши кечикаётгани ҳақида тайёрланган журналистик материал эълон қилингач, кеча, 21 июль куни шаҳар ҳокимлиги QALAMPIR.UZ иштирокида махсус медиа-тур ташкил этди.
Тур давомида бекатлар қандай жиҳозланиши ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, ҳар бир бекатда 1 тадан электрон табло (автобусларнинг қатнаш вақтини онлайн кўрсатиб турувчи электрон қурилма), SOS аппарати (хавф тугмаси-102), кузатув камераси, 1,5-2 метрлик ўриндиқ, 1 дона чиқинди қутиси ҳамда вендинг аппарати (ичимликлар ва енгил тамадди сотадиган автомат) бўлади.
.jpg)
Вендинг аппаратидаги маҳсулотлар бозор нархидан қиммат сотилмаслиги шарти билан ўрнатилган. Масалан, пойтахтнинг Фурқат кўчасида аввал мавжуд бўлмаган ҳудудда барпо этилган янги бекатдаги вендинг аппаратида 0,5 литрлик газланмаган ичимлик суви 3 минг сўмдан сотилмоқда. Солиштириш учун, худди шу маҳсулот шаҳар кўчаларидаги айрим дўкон ва расталарда 7 минг сўмгача сотилади. Агар вендинг аппаратидаги маҳсулотлар белгиланганидан қиммат нархда сотилса, фуқаролар бекатга ўрнатилган SOS тугмаси орқали мурожаат ёки шикоят қолдириши мумкин.
.jpg)
Шунингдек, ҳокимликнинг маълумотига кўра, замонавий автобус кутиш бекатларига кондиционер ёки вентилятор ўрнатиш лойиҳада назарда тутилмаган. Фақат айрим тўғридан тўғри қуёш нурлари тушадиган бекатларга тадбиркор ташаббуси билан ихтиёрий равишда вентиляторларлар ўрнатилиши мумкин.
.jpg)
Маълумот ўрнида, жаҳон тажрибасида ҳам автобус бекатларини кондиционер билан жиҳозлаш мажбурий амалиёт ҳисобланмайди. Хусусан, Европа давлатлари Германия, Франция, Буюк Британия каби ривожланган давлатлардаги жамоат транспорти бекатларида кондиционерлар ўрнатилмайди. Бундай ечим асосан иқлими ўта иссиқ ҳудудларда қўлланилади. Масалан, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги айрим автобус бекатлари доимий юқори ҳарорат туфайли кондиционер билан жиҳозланган.
.jpg)
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан бирорта замонавий типдаги автобус бекатлари тўлиқ битказилиб, фойдаланишга топширилмагани, шунингдек, улар давлат бюджети ҳисобидан эмас, балки очиқ электрон аукционда ғолиб бўлган тадбиркор маблағлари эвазига қурилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси