Замбия вакили Ўзбекистонда хизмат сафари чоғида вафот этди
Жамият
−
09 Апрель
16151Замбия Миллий Ассамблеяси котиби Рой Нгулубе расмий хизмат сафари давомида Тошкент шаҳрида вафот этди. Нгулубе Миллий Ассамблея спикери Нелли Мутти бошчилигидаги делегация таркибида 150-Парламентлараро иттифоқ (IPU) Ассамблеяси ва унга алоқадор учрашувларда иштирок этаётган бўлган. Бу ҳақда “Lusaka Times” хабар берди. Парламентлараро иттифоқ ҳам мазкур хабарни тасдиқлади.
“Тулиа Аксон (IPU Президенти) ва IPU Бош котиби Мартин Чунгонг Рой Нгулубе – Замбия Миллий Ассамблеяси котибининг 150-Парламентлараро иттифоқ Ассамблеяси доирасида хизмат сафари чоғида вафот этганидан чуқур қайғуда эканини билдирди. Улар Замбия халқига самимий ҳамдардлик изҳор этди”, дейилади Парламентлараро иттифоқ баёнотида.
Қайд этилишича, спикер Мутти маҳаллий ОАВга йўллаган баёнотида яқин ҳамкасбининг вафотидан чуқур қайғуда эканини билдириб, бу ҳолатни “институт ҳамда бутун мамлакат учун катта йўқотиш” деб таърифлаган.
“Миллий Ассамблея жаноб Нгулубенинг вафотидан ғоят қайғуда. Биз унинг мамлакатга садоқат билан қилган хизматини юксак қадрлаймиз”, деган у.
Замбия пойтахти Лусакада эълон қилинган алоҳида баёнотга кўра, Нгулубе парламент тизимида 20 йилдан ортиқ хизмат қилган ва бу даврда бой тажриба орттирган. У 2002 йил 15 апрелда Миллий Ассамблеяда иш бошлаган ва турли муҳим лавозимларда фаолият юритиб, секин-аста юқори мартабаларга кўтарилган. Унинг дастлабки лавозимларига 2006 йилдан 2008 йилгача Жанубий Африка тараққиёт ҳамжамияти парламент форуми Бош котибининг ёрдамчиси ва ижрочи ёрдамчиси бўлган.
2009-2015 йилларда спикернинг ижрочи ёрдамчиси, 2016-2017 йилларда эса тартиб-қоидалар бўйича муовини, 2017-2022 йилларда эса маъмурият бўйича муовин лавозимларида ишлаган.
Рой Нгулубе 2023 йил сентябрь ойида Миллий Ассамблея котиби лавозимига тайинланган ва вафотига қадар ушбу лавозимда фаолият олиб борган.
“Парламент аъзолари, аппарат ходимлари ва кенг жамоатчилик орасидан кўплаб ҳамдардлик мактублари келиб тушмоқда. Кўпчилик унинг профессионаллиги, фидойилиги ва институтдаги узоқ йиллик тажрибасини алоҳида эътироф этмоқда. Жасадни ватанига қайтариш ва дафн маросимига оид батафсил маълумотлар кейинчалик эълон қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Марказий Осиё тарихида илк маротаба Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилейи бўлиб ўтиши хабар қилинганди. Ушбу анжуман 5-9 апрель кунлари “Tashkent City” ҳудудидаги Конгресс-холл мажмуасида ўтказилади. Унда дунёнинг 180 та мамлакати, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотдан 2 мингга яқин делегатлар иштирок этмоқда. Йиғилишнинг асосий мавзуси “Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати” бўлиб, унда камбағалликни бартараф этиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий инклюзияни қўллаб-қувватлаш ва қарор қабул қилиш жараёнида камситилган гуруҳлар иштирокини ошириш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.
LiveБарчаси