Залужний Украина президентлигига номзодини қўймоқчи
Олам
−
01 июл 4459 2 дақиқа
Украинанинг собиқ Қуролли кучлари бош қўмондони, ҳозирда мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси бўлган Валерий Залужний президентлик сайловларида иштирок этиш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда “Украинска Правда” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Залужний Киевга чақирилган ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашган. Суҳбат давомида Зеленский кузда президентлик сайловларини ўтказилишини айтиб, мамлакатда ички бўлиниш юзага келмаслиги учун ўзи ва Залужний ўртасидаги сиёсий рақобатдан қочиш зарурлигини таъкидлаган.
Манбаларга кўра, Зеленский Залужнийдан: “Агар сайловлар кузда бўлса, номзодингизни қўясизми?” деб сўраган. Собиқ бош қўмондон эса: “Ҳа, қатнашаман”, деб жавоб берган.
Шундан сўнг Залужний билан Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров ҳамда ҳукмрон “Халқ хизматчиси” партияси фракцияси раҳбари Давид Арахамия ҳам учрашган. Улар ҳам жамиятнинг бўлиниши ва давлат учун хавфларни тилга олиб, уни қарорини қайта кўриб чиқишга чақирган. Бироқ Залужний ўз позициясини ўзгартирмаган.
Ушбу учрашувлардан сўнг Зеленский жамоасининг кузда президентлик сайловларини ўтказиш режаси жиддий тўсиққа дуч келган.
Мазкур маълумотлар аноним манбаларига асосланганлиги қайд этилган. Украина расмийлари ва Валерий Залужний бу хабар юзасидан ҳозирча расмий изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, aввалроқ Украина президентлик сайловлари ва Россия билан эҳтимолий тинчлик шартномаси бўйича референдум ўтказиш масаласини муҳокама қилишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси