“Заковат” интеллектуал ўйини учун алоҳида бино қурилади
Жамият
−
20 Январь 2022
4182“Янги Ўзбекистон боғи”га туташ ҳудудда “Заковат интеллектуал ўйинлари клуби” учун алоҳида бино ҳамда “Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси” барпо этилади. Мазкур бинолар Ёшлар ишлари агентлигининг балансида бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да мавсумий ишлайдиган “Интеллектуал мактаб” лойиҳаси йўлга қўйилади.
Шунингдек, интеллектуал турнирлар ташкил қилиш, билимдон ёшларни рағбатлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга грант ва субсидиялар ажратиш мақсадида 2022 йилда 50 млрд сўм миқдорида, кейинги йилларда асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ давлат бюджетидан маблағ ажратилади.