Саида Мирзиёева “Заковат” кастингидаги нутқини Қуръон билан бошлаб, ҳадис билан якунлади

Жамият

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 28 февраль куни “Humo Arena” муз саройида “Заковат” телеўйинининг Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти учун интеллектуал кастинги ўтказилди.

Унда “Заковат”да иштирок этиш рўйхатдан ўтган минглаб билимдонлар ва лойиҳани оталиғига олган Миллий масс-медиани ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этди.

Тадбирда Миллий масс-медиани ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева нутқ сўзлади. Унинг нутқини Қуръони Каримдан иқтибос келтириб бошлаши барча учун кутилмаган ҳолат бўлди.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ ”

Яъни “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур…” – Мужодала сураси, 11-оят.

Ассалому алайкум, билимдонлар!

Ҳар бир инсоннинг ҳаётда мақсади бўлади. Биз бу ерга ягона ва улкан мақсад – мамлакатимизни жаҳон интеллектуал майдонида юқори даражага чиқариш учун йиғилдик.

Бугун ушбу тадбирга турли ёш, турли мавқедаги, дунёқараши ва характери ҳар хил бўлган талабалар, ишчи, хизматчи, пенсионерлар тўпланган. Тўғри, биз бир-биримизга ўхшамаймиз. Лекин ҳаммамизни бирлаштириб турган мақсад бор – Илм! Биз эса бугун очаётганимиз – “Илм” деб аталувчи бир китобнинг саҳифаларимиз.

Ҳаёт бу университет. Уни самарали ва яхши натижалар билан якунлаш жуда муҳим. Таълим олиш, имтиҳон топшириш, олинган билимларни қўллаш ва муносиб баҳоланиш… Қандай баҳо олишимиз фақат ўзимизга боғлиқ”, деди Саида Мирзиёева.

У тадбир иштирокчиларига қарата инсон олдига мақсад қўйиб, ҳаракат қилса, албатта, унга эришишини, сиёсий, ижтимоий муҳит оддий баҳонадан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.

“Кўриб турибманки, бугун бу залда энг юқори баҳога, ўзидан ёрқин из қолдиришга интилганлар йиғилди. Бунга ишончим комил!

Инсоннинг хаёллари, умид ва мақсадлари қандай бўлса, ундан қоладиган из ҳам шундай бўлади.

Яшашдан мақсад шунчаки кун ўтказиш эмас. Ишонч билан айтаманки, одам олдига чинакам мақсад қўйса, нияти эзгу бўлса, албатта ўйлаганига эришади.

Сиёсий жараёнлар, жамиятдаги вазият, турли сабабларни кўрсатиб, ҳаракатсизликни оқлашга уриниш – буларнинг ҳаммаси шунчаки баҳонадир”, дейди Мирзиёева.

У сўзида давом этиб, залда ўтирганлар орасида қизлар ҳам борлигидан хурсандлигини айтиб ўтди. Шунингдек, буюк инсонлар ортида ҳам бир аёл туришига ҳам тўхталиб, ихтирочи-тадбиркор Илон Маскни мисол қилиб кўрсатди.”

“Опа-сингилларим! Сиз бизнинг фахримизсиз! Сизда орзу-мақсадларимиз тимсолини кўряпмиз. Хотин-қизларимиз қанчалик фаол, илм-фан, маданият ва тадбиркорликка, сиёсий жараёнларга қанча кўп ҳисса қўшадиган бўлса, юртимизда бахтли ва ҳаётидан мамнун аёллар шунча кўп бўлади. Аминманки, хонадонида намунали бека, пазанда опа-сингилларимиз ўзларини илм майдонида ҳам бемалол намоён қила оладилар.

Кейинги пайтда Илон Маск тез-тез тилга олиняпти. Аммо мен унинг онаси - Мэй Маск ҳақида гапирмоқчиман. Мэй 71 ёшида “Режаси бор аёл” номли китобини ёзди.

Китобни ўқиганлар Илон Маск нега ақл бовар қилмайдиган мақсадлар билан яшашини тушунади. Фарзанд шаклланишида онанинг, оилавий муҳитнинг аҳамиятини кўради.

Мэйнинг ота-онаси жуда ажойиб инсонлар бўлган экан. Олим отаси бир умр Преторияда йўқолиб кетган қадимий шаҳарни излаган. Орзусига етиш учун оиласи билан Канададан Жанубий Африкага йўл олган.

Шунчаки 5 нафар ёш боласини олгану, орзуси сари дунёнинг нариги чеккасига қараб йўлга чиққан! Одамлар уларни ақлдан озган дейишган, Африкада эса “телба америкаликлар” деб лақаб ҳам қўйишган. Аммо бу оила гап-сўзларга парво қилмай, йиллар давомида 60 га яқин мамлакатга саёҳат қилган.

Претория устидан парвоз қилаётганда гуллаётган бинафша дарахти – жакарандани кўрган Илоннинг буваси “Қандай ажойиб жойлар экан, шу ерда қоламиз!”, деди. Шунчаки ёқтирди, қўнди ва қолди.

Энди ўйлаб кўринг, Илон Маскни билимга қизиқтирган, гўзалликни севишга ўргатган онанинг ўзи қанчалик эркин муҳитда шаклланган экан. Унинг ҳаёти силлиқ кечмаган, кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган. Аммо мақсади сари интилишдан тўхтамаган.

Агар бахтли бўлишни мақсад қилсак, бизга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Танлов эркинлиги – инсонга тақдим этилган бебаҳо неъмат. Пастга қараб кетамизми, ёки гап-сўздан қўрқиб, жойимизда қотиб турамизми, ёки юқори кўтарилиб, бошқалар ета олмаган чўққиларга интиламизми, хуллас эртанги кунимиз ўзимизга боғлиқ. Танлов ўзимизда!

Мен бу китобдан кўп нарса олдим. Нега хотиржам уйда ўтиришга шароитим бўла туриб, эртадан кечгача фаолиятдаман?! Чунки тўққиз ёшли қизимга ўрнак бўлишни истайман, уни ҳаётни мустақил бошқаришга, меҳнатга, тўғри танлов қилишга ўргатмоқчиман. У ҳали жуда ёш бўлса-да, катта зафарларга эришган аёлларнинг биографияларини ўзи қизиқиб ўқийди. Ва бу мен учун жуда муҳим”, дейди у.

Сўзида давом этаркан Мирзиёева “Заковат” клуби – эркаклар билан тенг равишда аёллар учун ҳам омад трамплини; интеллектларни бирлаштирувчи макон; мамлакатни олдинга етаклайдиган кучдир, дея эътироф этди.

“Заковат – бу бизнинг учар гиламимиз, автомобилимиз, самолётимиз,  ракетамиздир! Биз эса имконсиз нарса йўқлигини биладиган сайёҳлармиз. Ўзимиз истаган манзилга парвоз қилиб, гуллар чаман  очилиб ётган заминга албатта етамиз!

Сўзимнинг охирида Мирзо Улуғбек томонидан Бухородаги мадраса эшигига битилган ҳадиси шарифни келтирмоқчиман: “Илм олишга интилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”, дея сўзини якунлади Саида Мирзиёева.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Заковат

Баҳолаганлар

290

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг