Захирага “михланаётган” Ҳусанов

Таҳлил

Қилар ишни қилиб қўйиб, кейин подкастларга бориб, тармоқларда жонли эфир қилиб ўзини оқлайдиган шахслар кўпчиликнинг меъдасига тегиб қолди. Ўз вазифасини унутиб, керак бўлса жаҳон даражасидаги футболчини ўзим ўстирганман, деб даъво қиладиган  инсонлар ҳам бор орамизда. Ҳа майли.

Абдуқодир Ҳусанов ортда қолаётган ҳафтада клубининг кетма-кет ўйинларида майдонга тушмади. Бундан бироз ҳафсаласи пир бўлган ўзбекистонлик футбол ишқибозларини ўсмир футболчилар Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, ҳарна овутди. Ўзбекистон Осиё кубоги мезбонлик учун ариза топширди. Тугаётган ҳафтада ЕЧЛ чорак финалининг шиддатли ўйинлари бўлиб ўтди.
Санаб ўтган мавзуларимиз ҳақида бугун QALAMPIR.UZ’нинг спорт дайжестида батафсил сўз очамиз. Ассалому алайкум.

Ўзбекистонлик ўсмирлар акаларидан олдин ЖЧ масаласини ҳал қилди

Саудия Арабистони мезбонлик қилаётган футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг 2-турида Ўзбекистон терма жамоаси хитойлик тенгқурлари билан баҳс олиб бориб, ғалаба қозонди ва муддатидан аввал шу йил Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Учрашувда дастлаб Хитой вакили Жанг Ченгруи ҳисобни очди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Садриддин Ҳасанов мувозанатни тиклади. Баҳс якунланишига бир неча дақиқа қолганда, аниқроғи 86 дақиқада Асилбек Алиев ғалаба голини киритди ва жамоадошларининг муваффақиятини таъминлади.

Шундай қилиб, Ислом Исмоилов бошчилигидаги ўсмирлар терма жамоаси муддатидан аввал шу йил Қатарда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқди. Гуруҳдаги иккинчи ўйинда мезбон Саудия Арабистони терма жамоаси Таиландни 3:1 ҳисобида енгиб, Ўзбекистон билан бирга мундиал йўлланмасини қўлга киритди.

Саудия Арабистонида давом этаётган футбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги “A” гуруҳи 3-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси мезбон Саудия Арабистони билан куч синашиб, йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ислом Исмоилов шогирдлари ўйиндаги ҳар уч голини 2-таймда киритди. Жамшидбек Рустамовнинг дубли ва Асилбек Алиевнинг голи Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини гуруҳда 1-ўрин билан чорак финалга чиқишини таъминлади.

Баҳс давомида Саудия Арабистони пенальтидан ҳам фойдалана олмади.

Шундай қилиб, “оқ бўрилар” 3 та ўйинда 3 та ғалаба қайд этиб, 9 очко билан чорак финал йўлланмасига эга чиқди. Ўзбекистонлик футболчилар плей-офф босқичида “B” гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа билан куч синашади. Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси “B” квартетида 2-ўринни банд этди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг чорак финал ўйини 13 апрель куни бўлиб ўтади. Учрашувга Тоиф шаҳри мезбонлик қилади ва Тошкент вақти билан 22:15 да бошланади.

Шомуродовнинг голи “Рома”ни мағлубиятдан қутқарди 

Италия чемпионатининг 31-туридан ўрин олган марказий учрашувда “Рома” ва Туриннинг “Ювентус” жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Ўйин Рим шаҳридаги “Олимпико” стадионида бўлиб ўтди ва 1:1 ҳисобида якунланди.

Учрашувда ҳисоб 40-дақиқада очилди. "Ювентус" яримҳимоячиси Мануэль Локателли гол муаллифи бўлди. 49-дақиқада эса захирадан майдонга тушган ўзбекистонлик Элдор Шомуродов ҳисобни тенглаштирди. Бурчак зарбасидан кейин Ндика боши билан зарба берди, “Ювентус” посбони тўпни қайтарди, қайтган тўпни эса Шомуродов рақиб дарвозасига жойлаб қўйди.

Шомуродовнинг деярли бир тайм кўрсатган ўйини “SofaScore” томонидан 7,2 баллга лойиқ кўрилди ва ўзбекистонлик 29 ёшли форвард баҳснинг энг яхши футболчиси бўлди.

Мазкур дурангдан сўнг “Ювентус” Италия чемпионати жадвалида бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Игор Тудор бошқарувидаги жамоа 31 учрашувдан сўнг 56 очко жамғарган. “Рома” ҳам шунча ўйиндан сўнг 53 очко тўплаган ва жадвалда еттинчи ўринда бормоқда. Бош мураббий Клаудио Раньери бошчилигидаги жамоа етакчиси “Интер”дан (68 очко) 15 очко орқада қолмоқда.

Холанд яқин ойларда “Сити”ни тарк этиши мумкин

“Манчестер Сити”нинг норвегиялик ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоани тарк этиши мумкин. Бу ҳақда “El Nacional” хабар берди.

Манбага кўра, 24 ёшли футболчи сўнгги натижалар туфайли инглиз клубидан норози, шу сабабли у жамоасини ўзгартириш имконияти кўриб чиқмоқда. Эрлинг клубни тарк этиш тўғрисида якуний қарорга келса, уни ушлаб туриш қийин бўлади, гарчи унинг шартномаси 2034 йилгача мўлжалланган бўлса ҳам.
ПСЖ ва “Бавария” футболчи атрофидаги вазиятни кузатиб бормоқда.

Қайд этиш жоиз, Эрлинг Холанд Англия кубоги чорак финалида “Борнмут”га қарши ўйинда (2:1) тўпиғидан жароҳат олган эди. “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола норвегиялик футболчи 5-7 ҳафта майдонга тушмаслигини айтди.

Жорий мавсумда Холанд “Манчестер Сити” сафида барча турнирлар доирасида 40 та ўйин ўтказиб, 30 та гол урди ва 4 та голга ассистентлик қилди.

Ўзбекистон Осиё кубоги мезбонлиги учун қўшма ариза топширди

Бугун, 11 апрель куни Осиё футбол конфелерациясининг 35-Конгресси олдидан ОФК Ижроия қўмитасининг 6-йиғииши бўлиб ўтди. Унда 2031 йилда бўлиб ўтадиган Осиё кубогига мезбонлик аризасини топширган давлатлар маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди. 

Манбага кўра, Осиё Футбол Конфедерацияси 2031 йилда бўлиб ўтадиган Осиё кубогига мезбонлик қилиш учун еттита номзодлдан ариза келиб тушга. ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа бу ташаббусларни турнир тарихидаги энг юқори кўрсаткич, дея баҳолади. 

“Келиб тушган рекорд даражалаги аризалар – бу турнирнинг нуфузини яна бир бор тасдиқлайди. ОФК Ижроия қўмитаси номидан барча аъзо ассоциацияларимизга чуқур миннатдорлик билдираман”, дейди ОФК президенти.

Қайд этилишча, ОФК 2025 йил 31 мартгача миллий терма жамоалар ўртасидаги қитъа биринчилигини ўзида қабул қилиш учун қуйидаги ассоциациялардан аризаларни қабул қилди:

  • Австралия;
  • Ҳиндистон;
  • Индонезия;
  • Жанубий Корея;
  • Қувайт;
  • БАА;
  • Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Ресубликаси қўшма аризаси.

Эндиликда ОФК номзод ассоциациялар билан белгиланган вақт ва талаблар асосида танлов ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда топшириш жараёнини бошлайди.

Шунингдек, ОФК Ижроия қўмитаси йиғилишида барча қўмиталарнинг, жумладан ОФК Осиё кубоги ташкилий қўмитаси, ОФК молия қўмитаси, ОФК мусобақалар қўмитаси ва ОФК профессионал футбол қўмитасининг қарорлари тасдиқланди.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Манчестер Сити Ювентус Рома Осиё кубоги ОФК Элдор Шомуродов Холанд ЖЧ Абдуқодир Ҳусанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг