Йўтал сиропидан фарзанди вафот этган ота-оналар 195 минг доллар товон пули сўраяпти 

Олам

image

Индонезия суди жамоавий даъвога рухсат берганидан кейин йўтал сиропидан болалари нобуд бўлган ёки яраланган ота-оналар судга даъво қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди. 

Қайд этилишича, 2022 йилдан бери 200 дан ортиқ индонезиялик бола ўткир буйрак шикастланиши туфайли вафот этган. Бунга эса улар қабул қилган йўтал сиропи сабаб бўлган. Қурбон бўлганларнинг қариндошлари Индонезия ҳукумати ва саккизта фармацевтика компаниясига қарши иш қўзғатган.

Таъкидлаш жоизки, Индонезия йўтал сиропи ортидан болалар ҳалок бўлган ягона давлат эмас. Гамбия ва Ўзбекистонда ҳам 100 га яқин шу каби ҳолатлар қайд этилган.

Манбага кўра, Индонезияда тергов давом этмоқда, бироқ маҳаллий маъмурлар ҳозирча бошқа мамлакатлардаги ишлар билан боғлиқликни кўрсатадиган ҳеч қандай далил йўқлигини айтган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса Ҳиндистон ва Индонезияда ишлаб чиқарилган олтита йўтал сиропи ҳақида огоҳлантирган.

Судга мурожаат қилган 25 нафар боланинг ота-оналари даъвода вафот этган ҳар бир бола учун 195 минг доллар ва жароҳатланган ҳар бир бола учун тахминан 130 минг доллар товон пули тўланишини талаб қилмоқда. Уларнинг адвокати эса бошқа ота-оналар ҳам даъвога қўшилиши мумкин эканини билдирган. 

“Ҳеч қандай товон пули содир бўлган нарсанинг ўрнини боса олмайди. Бу боламни қайтармайди. Лекин фарзандимнинг кураши бесамар кетмаслиги, уни ўлдирганлар жавоб бериши керак”, дейди 4 яшар қизчасини йўқотган Нур Осиё.

Фармацевтика компанияларидан бирининг адвокати эса масъулият фақат фармацевтика саноатига юкланса, ўринли бўлмаслиги, ҳукумат ҳам жавобгарликка тортилиши кераклигини айтган. Бошқа бир фармацевтика корхонаси эса ўзининг йўтал сиропи бренди учун тахминан 30 йилдан бери Индонезия озиқ-овқат ва фармацевтика идорасининг сертификатига эга экани, ингредиентларни идора томонидан тасдиқланган етказиб берувчидан сотиб олганини маълум қилган.

“Тўғрисини айтсам, фармацевтика компаниялари ҳам хом ашё етказиб берувчилар томонидан содир этилган жиноят қурбони бўлмоқда”, дейди компания адвокати.


Индонезия ҳукумати фармацевтика даражасидаги эритувчиларнинг глобал танқислиги шароитида маҳаллий кимё компаниялари сиропда саноат даражасидаги эритувчи моддалар – этилен гликоль ва диэтилен гликолдан фойдаланганини аниқлаган. Мазкур икки модда одатда кондиционерлар ва музлатгичлар учун антифриз эритмаларида ишлатилади.

Эслатиб ўтамиз, шундай йўтал дорилардан бири бўлган “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган “QURAMAX MEDICAL” МЧЖнинг лицензияси ҳам 13 январь куни бекор қилинган эди.

“Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропининг ножўя таъсири сабабли “ўткир буйрак етишмовчилиги” ташхиси билан болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида бир қатор мансабдорлар, хусусан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори Сардор Кариев ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта жиноий шериклари иш бўйича гумон қилиниб ушланган ва уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

“Quramax Medikal” МЧЖ адвокати Эркин Нажмиддиновнинг судга маълум қилишича, бугунги кунда “Док-1 Макс” истеъмолидан болаларнинг ўлими сабаб 30 дан ошиқ шахс айбланувчи сифатида терговга жалб этилган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Улар орасида “Quramax Medikal” МЧЖнинг собиқ раҳбари Сингҳ Рагвендра Пратар, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ масъул шахслари бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Индонезия Док-1 Макс товон пули Йўтал сиропи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг