“Док-1 Макс” воқеаси бўйича 30 дан ортиқ шахсга жиноят иши қўзғатилган
Жамият
−
11 Февраль 2023
6684Аввал хабар берилганидек, шу йилнинг 13 январь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Ўзбекистонда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситасини Ҳиндистондан Ўзбекистонга олиб кирган “Quramax Medikal” МЧЖнинг лицензияси бекор қилинган эди.
Кеча, 9 февраль куни айнан Тошкент туманлараро иқтисодий судида мазкур мавзу юзасидан яна суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу сафар жавобгар томон “Quramax Medikal” МЧЖ 1-инстанция судининг қароридан норози бўлиб, судга аппеллация шикоятини киритган.
QALAMPIR.UZ мазкур суд мажлисида қатнашиб, бир қатор муҳим маълумотларни қўлга киритди.
“Quramax Medikal” МЧЖ адвокати Эркин Нажмиддиновнинг судга маълум қилишича, бугунги кунда “Док-1 Макс” истеъмолидан болаларнинг ўлими сабаб 30 дан ошиқ шахс айбланувчи сифатида терговга жалб этилган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Улар орасида “Quramax Medikal” МЧЖнинг собиқ раҳбари Сингҳ Рагвендра Пратар, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ масъул шахслари бор.
Суд мажлиси давомида раислик қилувчи судья Анвар Усмонов томонидан маълумот тариқасида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил 28 декабрдаги ажрими ўқиб эшиттирилди.
Унга кўра, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги мазкур ажрим билан Ҳиндистон фуқароси бўлган “Quramax Medikal” МЧЖнинг директори Сингҳ Рагвендра Пратар қамоққа олинган.
“Дастлабки тергов жараёнларида тўпланган ҳужжатларга кўра, Рагвендра Пратар “Quramax Medikal” МЧЖнинг бош директори лавозимида фаолият юритиб келиб, жамият савдо директори Қамбаралиев Бахтиёр Рустамович, “Дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” МЧЖ директори Ҳамдамов ва жамият сертификатлаштириш бўлими бошлиғи Холмуродовлар билан олдиндан тил бириктириб, одамлар ўлимига сабаб бўлган сифатсиз дори воситаларини олиш, сақлаш ва ўтказиш жиноятларини содир этганликда айбланмоқда”, дейди судья Анвар Усмонов.
Шу тариқа Тошкент туманлараро иқтисодий суди жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судин 2022 йил 28 декабрдаги ажримини иш материалларига қўшиш учун суд томонидан олинди.
“Quramax Medikal” МЧЖ юрист-консули Зебо Комилованинг маълум қилишича, компания Ҳиндистоннинг “Marion Biotech” корхонасининг 41 турдаги дори воситаларини Ўзбекистонга реализация қилиш билан шуғулланади. Бугунги кунда “Quramax Medikal” МЧЖга тегишли бўлган жами 1 млн 550 АҚШ долларлик дори воситалари божхонада ушлаб турилибди.
“Бундан ташқари 50 млрддан ортиқ “Док-1 Макс”дан бошқа дори воситалари республика бўйича кўплаб дорихоналарга сотиш учун тарқатилган. Уларнинг қайта йиғиб олиниб, йўқ қилиниши нафақат “Quramax Medikal” МЧЖга, балки бошқа тадбиркорларга, дорихона эгаларига ҳам қаттиқ зарба бўлади”, деди Зебо Комилова.
Судлов ҳайъати қарор қабул қилди ва қарорнинг хулоса қисми ўқиб эшиттирилди.
Унга кўра, жавобгар “Quramax Medikal” МЧЖнинг аппелация шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 январдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилди.
Судья қарорга тушунтириш берар экан, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ томонидан “Quramax Medikal” МЧЖга берилган лицензиянинг бекор қилиниши ҳамда далолатнома асосида яроқсиз бўлган дори воситаларининг рўйхатдан чиқарилиши ва йўқ қилиниши талаби қўйилганини эслатди.
Шунингдек, амалдаги Низом талабларига кўра, лицензия талабларини бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилиши унинг бекор қилинишига сабаб бўлади.
“Шу туфайли “Quramax Medikal” МЧЖ томонидан Ҳиндистондан Ўзбекистонга олиб кирилган “Док-1 Макс” сиропининг истеъмоли оқибатида ўлим ҳолатлари юзага келган. Бу эса лицензия талабларининг қўпол бузилиши ҳисобланади. Шунингдек, судлов ҳайъати апелляция шикоятидаги барча дори воситаларининг муомаладан чиқарилиши ва йўқ қилиниши кўрсатилгани ҳолати билан келишмайди. Бинобарин, далолатномада фақатгина яроқсиз дори воситаларини йўқ қилиш ҳақида гап боради. Ваҳолангки яроқсиз дори воситаларини аниқлаш тегишли экспертиза органларининг ваколатида. Ижро жараёнларида эса “Quramax Medikal” МЧЖга тегишли дори воситаларининг яроқли-яроқсиз эканига қараб белгиланади”, судья Усмонов.
Эслатиб ўтамиз, “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропининг ножўя таъсири сабабли “ўткир буйрак етишмовчилиги” ташхиси билан болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида бир қатор мансабдорлар, хусусан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори Сардор Кариев ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта жиноий шериклари иш бўйича гумон қилиниб ушланган ва уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган эди.
LiveБарчаси