Юрак қон-томир касалликлари билан қандай курашиш мумкин?

Саломатлик

image

Статистик маълумотларга кўра, ўзбекистонликлар энг кўп юрак қон-томир касалликларидан вафот этмоқда. Хусусан, 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида вафот этган 131 мингдан ортиқ кишининг ярмидан кўпи(57,2 фоиз)ни юрак қон-томир касалликлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган кишилар ташкил этган. ЖСТ ҳисоботларида келтирилишича, юрак қон-томир касалликларидан ҳар йили 18 миллионга яқин одам вафот этади ва Марказий Осиё мазкур касалликлар энг кўп учрайдиган минтақалардан бири ҳисобланади. QALAMPIR.UZ қон-томир касалликлари ҳақида ўқувчиларга маълумот бериш ва огоҳликка чақириш мақсадида кардиолог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Ҳамидулла Тошпўлатовдан бир қанча муҳим саволларга жавоб олди.

Иқбол Эргашова, мухбир: — Юрак қон-томир касалликлари ва уларнинг энг кенг тарқалган турлари ҳақида маълумот берсангиз.

Ҳамидулла Тошпўлатов, кардиолог: — Дунё бўйлаб ўлимга олиб келувчи касалликлар орасида қон айланиш тизими касалликлари биринчи ўринда туради. ЖСТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёдаги барча ўлим ҳолатларининг 30 фоизи қон айланиш тизими касалликлари оқибатида бўлади, улардан 42 фоизини юрак ишемик касаллиги, 38 фоизини эса инсульт касаллиги ташкил этади. Дунё аҳолисининг 18 ёшдан катта қисмида ҳар учинчи шахсда қон босимининг ошиш ҳолати кузатилади.

Юрак қон-томир касалликлари ичида энг кўп тарқалган тури бу қон босими касаллиги, яъни артериал гипертония бўлиб, бунда беморларда систолик ва диастолик босимнинг меъёрдан ошиб кетиши кузатилади. Инсонда қон босимининг меъёри 120/80 мм симоб устунига тенг бўлиб, кун давомида бу кўрсаткич, 100/70 – 140/90 оралиғида бўлиши мумкин. Нормал қон босимининг юқори чегараси 140/90 бўлиб, бу кўрсаткичдан юқори бўлса, қон босими касаллиги келиб чиқади. Ушбу касалликда беморларда бош оғриғи, бош айланиши, кўз тиниши, уйқунинг бузилиши, асабийлашиш ҳоллари кузатилади. Қон босими касаллиги сурункали давом этиб, юрак, буйрак, бош мия ва кўз каби органлар шикастланишига олиб келади. Бу касалликнинг энг хавфли асорати бу бош мия инсульти ҳисобланади. Яъни бош мияга қон қуйилиши кузатилиб, бу ҳол кўпинча ногиронликка олиб келади. Баъзи ҳолларда эса ўлим билан якунланиши ҳам мумкин.

Юрак қон-томир касалликларининг яна бир кенг тарқалган тури юрак ишемик касаллиги бўлиб, бунда юрак тож томирларининг торайиши оқибатида юрак мушакларининг озиқланиши бузилади, кислородга бўлган эҳтиёж тўлиқ таъминланмаслиги кўкрак соҳасида кучли оғриқ кузатилишига сабаб бўлади. Бу ҳолат жисмоний ва руҳий зўриқишда, қон босими кўтарилганда юзага келади. Оғриқ кўпинча тўш соҳасида пайдо бўлиб, курак соҳаси ва чап қўлга узатилади. Бемор даволанмаса ёки кучли оғриқ пайтида тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса, миокард инфаркти каби асорат юзага келиши ва қўққисдан ўлим ҳолати кузатилиши мумкин.

И.Э.: — Мазкур касалликларнинг асосий ривожланиш сабаблари нималардан иборат ва қандай инсонларда мойиллик кўпроқ?

Х.Т.: — Юрак қон-томир касалликлари кўпинча жисмоний ҳаракати кам, ҳаддан зиёд ёғли овқатлар истеъмол қиладиган, тамаки маҳсулотларини чекувчи ва спиртли ичимликларга ружу қўйган кишиларда ҳамда руҳий зўриқиш ҳолатларида юзага келади. Юрак қон-томир касаллиги наслдан наслга ўтиши ҳам мумкин. Шу сабабли яқин қариндошлари қон босими, миокард инфаркти ва юрак ишемик касалликларини бошдан ўтказган кишиларда бу касалликлар кўпроқ учрайди. Шунинг учун бундай кишилар соғлиқларига эътиборли бўлишлари ва касалликнинг олдини олиш чораларини кўришлари керак бўлади.

И.Э.: — Юрак қон-томир касалликлари белгилари қандай ва айнан қайси ҳолатлар шифокорга мурожаат қилишга сигнал ҳисобланади?

Х.Т.: — Юрак қон-томир касалликларининг келиб чиқиши бошнинг тез-тез оғриб туриши, асабийлашиш, уйқусизлик, кўкрак соҳасида ачишиш, санчиш каби оғриқларнинг жисмоний ва руҳий зўриқишда пайдо бўлиши ва дам олганда ўтиб кетиши, бундай ҳолатнинг борган сари тез-тез такрорланиши, қон босимининг тез-тез ошиб туриши билан кузатилади. Бундай ҳолатда бемор кардиолог шифокорга мурожаат қилиши, электрокардиограмма ва қон таҳлилларини топшириши, касалликка мойиллик аниқланганда эса унинг авж олишини тўхтатиш чораларини кўриши керак.

И.Э.: — Шундай касалликлар билан оғриган беморларнинг турмуш тарзи қандай ташкил этилиши керак?

Х.Т.: — Юрак қон-томир касалликларига чалинган беморлар соғлом турмуш тарзига амал қилиши, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши, тамаки маҳсулотларини чекишни ташлаши, тиниқиб ухлаши, тоза ҳавода сайр қилиши, овқатланиш рационида ёғли овқатларни камайтириши, енгил ҳазм бўлувчи, витаминларга бой таомларни истеъмол қилиши ва шифокор тавсияларига амал қилиши керак бўлади.

И.Э.: — Замонавий тиббиёт юрак қон-томир касалликларини қандай даволамоқда? Янги усул ва асбоб-ускуналар даволаш ҳамда диагностикани қанчалик енгиллаштиряпти?

Х.Т.: — Ҳозирги кунда юрак қон-томир касалликларининг даволаш ва диагностикасида замонавий тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиляпти, даволаш чоралари юқори самарали дори воситалари ва замонавий технологик даволаш усуллари ёрдамида олиб борилмоқда. Юрак фаолиятини ва юрак мушаклар ва клапанлари ҳолатини ўрганувчи ЭХО кардиография, юрак уришини бир сутка давомида назорат қилувчи Холтер мониторлаш усули, юракнинг жисмоний юкламага чидамлилигини ўрганувчи Тредмил тест,  МРТ ва МСКТ, автоматик биохимик таҳлиллар каби диагностика усуллари, юрак тож томирлари ҳолатини эндоваскуляр ўрганувчи коронарография ва стентлаш, юракнинг мураккаб аритмияларини жарроҳлик усули билан даволашга қаратилган ЭФИ диагностика ва радиочастотали абляция усуллари, юрак нуқсонларини жарроҳлик усули билан даволашга қаратилган кардиожарроҳлик, Аорта коронар шунтлаш усуллари шулар жумласидандир. Бундай замонавий даволаш ва диагностика усулларини қўллаш касалликни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имконини бермоқда. Бу ўз навбатида беморлар аҳволини енгиллаштиришга, оғир асоратли ҳолатларнинг олдини олишга ва касаллик сабаб бўладиган ногиронлик ва ўлим кўрсаткичларининг камайишига олиб келмоқда.

И.Э.: — Юрак қон-томир касалликлари билан оғримаслик учун одамларга қандай тавсиялар берасиз?

Х.Т.: — Юрак қон-томир касалликлари билан оғримаслик учун киши ўз соғлиғига эътиборли бўлиши, спорт билан доимий шуғулланиши, вирусли ва инфекцион касалликларни ўз вақтида даволаши, овқатланиш тартибига амал қилиши, жисмоний ҳаракат ва дам олишни меъёрда олиб бориши, зарарли одатлардан воз кечиши, профилактик тиббий кўриклардан мунтазам ўтиб туриши ва касаллик белгилари пайдо бўлганда шифокорга мурожаат қилиши керак.

Иқбол Эргашова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

саломатлик касаллик Юрак Юрак қон-томир кардиолог

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг