Юнусободда ИИБга олиб борилган фуқаро дўппослангач, ўлгани айтилмоқда. ИИББ ҳолатга изоҳ берди

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Ижтимоий тармоқларда 41 ёшли Александр Бочаров Юнусобод тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБга жорий йилнинг 1 апрель куни келтирилганидан сўнг олган тан жароҳатлари туфайли вафот этганлиги ҳақида хабар тарқалмоқда. Ҳолатга Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, ҳақиқатдан, 1 апрель куни соат 21:00 ларда муқаддам тўрт маротаба судланган Александр Бочаров ва яна икки нафар фуқаро: муқаддам судланган 1979 йилда туғилган Л.Дмитрий ва 1970 йилда туғилган Л.Анатолийл билан сўров олиб бориш учун Юнусобод тумани 3-сонли ИИБга келтирилган. 

Ўртача ҳисобда 45 дақиқа давом этган сўровдан сўнг уччала шахс қўйиб юборилган, шу жумладан Бочаров Александр ҳам.

Жорий йилнинг 2 апрель куни эрталаб соат 4:00-4:30 ларда 30-уйнинг олдида Бочаров Александрнинг мурдаси топилган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Республика илмий-амалий суд-тиббиёт маркази ҳудудий филиали томонидан берилган бирламчи маълумотга кўра, марҳумнинг бир нечта касалликлари бўлган, хусусан, юрак ишемик касаллиги, гематоген сил, полиорган етишмовчилиги, икки томонолама ўпка плеврити, бош мия ва ўпка ишиши, сурункали гепатит, гиёҳвандлик, алкогольдан заҳарланиш.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. 

“Масъул ташкилотларнинг расмий изоҳини олмасдан туриб, олдиндан хулоса чиқармаслигингизни сўраймиз”, дейилади ИИББ хабарида.

Аввалроқ, Фарғона вилояти Қува тумани ички ишлар бўлимига суҳбат учун олиб кириб кетилган 20 ёшли йигитнинг вафот этгани ҳақидаги хабар берилганди. Ҳодиса юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Фарғона вилояти ИИБ ўз муносабатини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИББ

Баҳолаганлар

555

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг