Йиқилди ва ўлди – Фарғона ИИБдан ўлиги чиққан йигит бўйича қўшимча маълумот берилди

Жамият

image

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува тумани ички ишлар бўлимига суҳбат учун олиб кириб кетилган 20 ёшли йигитнинг вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Шундан сўнг Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати ҳам алоҳида баёнот билан чиқди.

Унда маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 апрель куни Фарғона вилояти Қува тумани Қалинпўстин маҳалласи бўйлаб пиёда кетаётган, 2001 йилда туғилган фуқаро А.А. йиқилиб тушиб, соғлиги ёмонлашгани туфайли шифохонага олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, фуқаро А.А. шу куни вафот этган.

Қайд этиш керакки, ИИВ Матбуот котибининг баёнотида йигитнинг йиқилиб тушиб вафот этгани тўғрисида ҳеч нарса дейилмаганди.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, жорий йил 31 март куни Қува туман ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари туманнинг “Қалинпўстин” МФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган пайтида фуқаро А.А. карантин қоидаларини бузиб, ниқоб тақмаган ҳолда юргани сабабли тўхтатилган. А.А. шахси тўғрисида бирор-бир маълумот тақдим этмаган.

Сўнг у шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Ҳуқуқ-тартибот масканига олиб борилган.

Фуқаро А.А. содир этган ҳуқуқбузарлигини тушуниб етганини, моддий томондан қийналганини маълум қилгани боис, отаси Ё.Х. иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиб, расмий огоҳлантирилган ва отаси билан биргаликда яшаш хонадонига рухсат берилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қува туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2109

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг