Йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланган юк машиналари жаримага тортилади
Жамият
−
31 Октябрь
2528Ўзбекистонда энди йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланган юк машиналари ҳайдовчилари жаримага тортилади. Бу ҳақда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча киритилди.
Кодекснинг янгиланган 128-моддасига кўра, йўлнинг четки чап қаторида юк автомобилларининг ҳаракатланиши (чапга бурилиш ёки орқага қайрилиш каби рухсат этилган ҳолатлар бундан мустасно) энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари, яъни 187,5 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Биринчи жаримадан кейин бир йил давомида такроран қоидабузарлик БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм), учинчи қоидабузарлик БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм), йил давомида тўртинчи ва ундан кейинги қоидабузарликлар БҲМнинг 4 баравари (1,5 млн сўм) миқдорида жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ скутер ва самокатдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланганди. Қонунга кўра, скутерлар ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариб бораётган шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги, базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида (123 минг 300 сўм) жарима солишга сабаб бўлади.