Йил охиригача Назарбоев номи устидан қизил чизиқ тортилади

Олам 11125
image

Жорий йил охиригача Қозоғистон парламенти собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг Элбоши (миллат етакчиси) мақоми бўйича ўзгартиришларни қабул қилади. Бу ҳақда кеча, 29 июнь куни маълум қилинди. 

Аввал хабар қилинганидек, 5 июнь куни қозоғистонликлар референдумда мамлакат конституциясига киритилган 56 та тузатишни маъқуллаш учун овоз берди. Энди республика парламенти депутатлари қонунларга ўзгартишлар киритишлари керак. Мажилис (парламент қуйи палатаси) спикери Ерлан Кошановнинг сўзларига кўра, ўзгартиришлар йил охиригача қабул қилинади. 

“Биз кузда кўриб чиқишни бошлаймиз. Йил охиригача уларни қабул қилишимиз керак. Президентимиз олдимизга шундай вазифа қўйган”, дейди у Orda.kz мухбири билан суҳбатда. 

Кошанов Назарбоевнинг ваколатлари ва мақоми ҳақидаги саволлар ҳозир Адлия вазирлигида кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди. 

“Адлия вазирлигида конституциявий ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Мазкур ишчи гуруҳ доирасида масала кўриб чиқилмоқда”, дейди спикер. 

Айни пайтда, унинг сўзларига кўра, идора ҳужжатни парламентга ҳали жўнатмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июнь куни Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритишни овоз берувчиларнинг 77,18 фоизи ёки 6,1 миллион киши қўллаб-қувватлади. Сайловчиларнинг 18,66 фоизи ёки 1 миллион 490 минг 470 нафари Конституцияни ўзгартишга қарши овоз берган. МСК маълумотларига кўра, референдумда аҳолининг 68,05 фоизи (8 миллионга яқин фуқаро) қатнашган. Қозоғистонда жами 11,73 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

Маълумот учун, Қозоғистон Конституцияси матнининг учдан бир қисмига тегишли бўлган жами 33 та ўзгартириш овозга қўйилди. Асосий ўзгартиришлардан бири Конституциядан республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган модданинг чиқариб ташланишидир. Тузатишлар қабул қилинганлиги сабабли, у ўзининг кўпгина шахсий имтиёзлари ва Элбоши (миллат етакчиси) мақомини йўқотади, энди унинг ҳуқуқий позицияси собиқ Президентлар тўғрисидаги амалдаги қоида билан тартибга солинади. Назарбоевнинг ўзи Конституциядан унинг номини олиб ташлашни қўллаб-қувватлаган.

Ўзгартиришларда, шунингдек Қозоғистоннинг бир Президенти кетма-кет икки мартадан кўп сайланиши мумкин эмаслиги, шу билан бирга у ўз ваколати муддати давомида партиядан чиқиши кераклиги ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, унинг яқин қариндошларига давлат хизматчиси лавозимларини эгаллаш тақиқланади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 168
Рейтинг: 3
t
×