Йил охирига қадар валюта курси кескин ўзгармаслиги айтилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Марказий банк жорий  йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида ички валюта бозори тўғрисида қисқача шарҳни эълон қилди

Таъкидланишича, 2019 йилнинг 9 ойи давомида ички валюта бозорида юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами айланма ҳажми 24,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга (18,3 миллиард доллар) нисбатан 1,3 баробарга ошди.

Ички валюта бозорида амалга оширилган операциялар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Валюта биржаси орқали амалга оширилган операциялар
Валюта биржасининг банклараро савдо сессияларида амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларнинг ҳажми 15,5 миллиард долларни ташкил этиб, бундан жами талаб 7,7 миллиард долларга, таклиф эса 4,8 миллиард долларга тенг бўлди.

Талаб ва таклиф ўртасидаги 2,9 миллиард доллар миқдоридаги тафовут Марказий банкнинг соф интервенциялари ҳисобига қопланиб, йил бошидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган монетар олтин ҳажми (3,0 миллиард доллар) доирасида бўлди. Бу, ўз навбатида, пул-кредит сиёсатидан келиб чиқиб, иқтисодиётга қўшимча киритилган ликвидликни стерилизация қилиш имконини яратди.

Биржадан ташқари валюта бозорида амалга оширилган операциялар:

•   Биржадан ташқари валюта бозорида тижорат банклари томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами ҳажми 5,2 млрд. долларга тенг бўлди. Бунда тижорат банклари мижозлар-юридик шахслардан 3,0 миллиард доллар миқдорида валюта маблағлари сотиб олиб, ўз навбатида уларга 2,2 миллиард доллар миқдорида валюта маблағлари сотилди. Ушбу операциялар натижасида юзага келган 0,8 млрд. доллар миқдоридаги валюта маблағлари тижорат банкларининг ўз ихтиёрида қолиб, ички валюта бозорида қўшимча таклиф шаклланишига замин яратди;

•   Валюта айирбошлаш шохобчалари орқали тижорат банклари билан аҳоли ўртасида амалга оширилган валюта олди-сотди (нақд ва нақдсиз шаклда) операцияларининг жами ҳажми 3,6 миллиард долларга етди. Бунда аҳолидан сотиб олинган валюта маблағлари 2,5 миллиард долларни, аксинча уларга сотилган валюта миқдори 1,0 миллиард долларни ташкил этди. Юқоридаги каби, аҳоли билан амалга оширилган операциялар натижасида юзага келган 1,5 миллиард доллар миқдоридаги валюта маблағлари ҳам ички валюта бозорида таклиф яратди.

Тижорат банкларининг аҳоли билан валюта олди-сотди операциялари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробарга ошди.
Шунингдек, жорий йил январь-сентябрь ойлари давомида аҳоли томонидан амалга оширилган пул ўтказмалари жами айланма ҳажми 5,2 миллиард долларни ташкил этиб, бундан 4,5 миллиард  доллар валюта маблағлари республикага халқаро пул ўтказмалар тизими орқали кириб келган бўлса, 0,8 миллиард доллар аҳоли томонидан чет эл мамлакатларига юборилган.

Халқаро пул ўтказмалари орқали республикага кириб келган валюта маблағлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга ошди (2018 йил январь-сентябрь - 3,8 миллиард доллар)

Валюта курси динамикаси

2019 йилнинг 9 ойида давомида миллий валютамизнинг чет эл валютасига нисбатан курси ички валюта бозорида мавжуд талаб ва таклифдан келиб чиқиб 13 фоизга пасайди. Ушбу давр мобайнида валюта курсининг минимал ва максимал кўрсаткичи мос равишда 8334 сўм/доллар (январь ойида) ва 9457 (сентябрь ойида) сўм/долларни ташкил этди.

Жорий йилнинг август ойида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида алмашув курсининг янги бозор шароитларига мослаштирилишидан сўнг сентябрь-октябрь ойларида валюта биржасида алмашув курси динамикасининг барқарорлиги кузатилиб, макроиқтисодий шароит ва омилларни инобатга олган ҳолда йил якунига қадар кескин ўзгариши кутилмаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

валюта курси Марказий банк

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг