Европада фақат битта жамоа требл қилиш имконини сақлаб турибди
Спорт
−
07 Май 4872 1 дақиқа
Испаниянинг “Барселона” клуби Европа Чемпионлар лигасининг (ЕЧЛ) 2024/2025 йилги мавсум плей-офф ярим финали доирасидаги жавоб ўйинида Миланнинг “Интер” клубига имкониятни бой берди. Учрашув қўшимча бўлимлардан сўнг 4:3 ҳисобида якунланди. Шу тариқа, каталонияликлар мавсум якунида требл қилиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Чемпионлар лигаси, ўз мамлакати кубоги ва ички чемпионатда ғалаба қозониш учун курашаётган ягона жамоа бу Франциянинг “Пари Сен-Жермен” клубидир. Франция Суперкубогидаги ғалабани инобатга олсак, парижликлар мавсум якунига қадар тўртта совринни қўлга киритишлари мумкин.
“Интер” ҳам требл қилиш имкониятини сақлаб келаётганди, бироқ Италия кубоги ярим финалида Милан дербисида мағлуб бўлди. “Нерадзуррилар” ҳам мавсум давомида Италия Суперкубогини қўлга кирита олмадилар, финалда ўша “Милан”га мағлуб бўлди.
Қолаверса, Чемпионлар лигасидан чиқариб юборилганига қарамай, “Барселона” “ички требл” қайд этиши мумкин. Флик шогирдлари Испания кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди, шунингдек, мусобақа якунланишига тўрт тур қолганида Ла Лига турнир жадвалида “Реал”дан 4 очко олдинда бормоқда.