Европада азон овоз кучайтиргичлар билан айтилди
Олам
−
04 Апрель 2020
14024Кеча, 3 апрель куни Германия ва Нидерландиядаги 100 га яқин масжидда азон овоз кучайтиргичлар орқали янгради. Маълум бўлишича, бу коронавирус пандемияси шароитида мусулмонларни қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилган.
Азон Европадаги DITIB (turk tilida: Diyanet İşleri Türk-İslam Birliği) аталмиш турк-мусулмон гуруҳи ва Германиянинг энг йирик немис-турк уюшмаларидан бири бўлган Исломий миллий қарашга тегишли масжидларда янграган. DITIB'нинг Эссен шаҳридаги вакили Фахреттин Алптекин, 50 дан ортиқ маҳаллий масжидда азон айтилганини маълум қилди.
Алптекиннинг сўзларига кўра, Германияда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тақиқланади. Лекин алоҳида ҳолатлар бундан мустасно. Шу билан бирга, Нидерландиянинг бир қанча шаҳарларида вирусга қарши ҳамжиҳатликни кучайтириш мақсадида карнай орқали азон айтилгани маълум қилинди.
Италия ва Испаниядан кейин Германия пандемиядан энг кўп азият чекадиган мамлакат ҳисобланади. Ушбу мамлакатда коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони 1 275 нафарга етди. Нидерландияда эса ушбу кўрсаткич 1 487 га тенг.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар 1 100 283 нафарни ташкил қилмоқда. Уларнинг 58 929 нафари вафот этган, 226 669 нафари эса соғайган.