Европа Туркия олдига яна эски талабини қўйди
Олам
−
21 Май 2021
10369Европа Парламенти жорий йилнинг 19 май куни Европа Иттифоқи ва Туркия муносабатлари тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди. Унда парламент Туркиядан ХХ аср бошларида Усмонли империясида арманлар билан юз берган можарони “геноцид” деб тан олишни сўраган.
Ҳужжатга кўра, депутатлар Туркиянинг Греция ва Кипрга нисбатан “душманлик ташқи сиёсати”дан, шунингдек, Сурия, Ливия ва Тоғли Қорабоғдаги можароларга аралашишидан хавотирда, чунки бу Европа Иттифоқининг устувор йўналишларига зиддир.
“Улар, шунингдек, Туркияни “арман геноциди”ни тан олишга чақиради, бу эса турк ва арман халқлари ўртасида ҳақиқий ярашувга йўл очади”, дейилган Европа парламенти хабарида.
Ҳужжатни 480 нафар депутат ёқлаган, 64 киши унга қарши овоз берган ва 150 киши бетараф қолган. Парламентнинг ўзи 1987 йилда ХХ аср бошида Усмонли империясида юз берган воқеаларни “геноцид” деб тан олган ва Туркияни ҳам шунга чақириб келади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден XX аср бошида Усмонли империясида юз берган хунрезликни “арман геноциди” деб тан олганди.
Кейинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли расмий Анқара бу баёнотни рад этишини маълум қилди. Американинг Туркиядаги элчиси ТИВга чақиртирилиб, унга норозилик билдирилди.
Шунингдек, АҚШнинг Туркиядаги элихона ва консулхонаси эҳтимолий норозиликлар сабаб бир муддат фаолиятини тўхтатди.
LiveБарчаси