Европа Россияга қарамликдан қутилиш учун Африкадан нажот қидирмоқда

Олам 9022
image
-

Европа Иттифоқи Россия газига қарамликни камайтириш мақсадида Африка давлатлари, хусусан Ангола, Нигерия ва Сенегал билан энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятида. Бу ҳақда кеча, 2 май куни “Bloomberg” Европа Иттифоқи ҳужжатига таяниб хабар берди.

Ундаги маълумотларга кўра, Африка давлатлари билан газ етказиб бериш бўйича келишув Еврокомиссия (ЕК) томонидан май ойидаёқ ЕИнинг Россия энергетикасига қарамлигини камайтириш режасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси доирасида ишлаб чиқилиши мумкин.

Аввалроқ ЕК Европа Иттифоқи давлатлари газнинг 40 фоизини, нефтнинг 27 фоизини ва кўмирнинг 46 фоизини Россия Федерациясидан олишини эслатиб ўтган эди. Кўмир эмбаргоси Россияга қарши бешинчи санкциялар пакетининг бир қисми эди. У апрель ойида тасдиқланган ва август ойида кучга киради.

Кеча, 2 май куни Европа Иттифоқининг энергия масалалари бўйича комиссари Кадри Симсон Брюсселда бўлиб ўтган Еврокомиссия Кенгашининг фавқулодда йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Европа Комиссияси Россия гази учун рублда тўлашни санкция режимини бузиш деб ҳисоблашини, бироқ келгуси кунларда кейинги ҳаракатлар ва тўлов йўллар ҳақида тушунтиришлар жамият компанияларига тақдим этилишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.

Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.

Жорий йилнинг 31 март куни Путин "дўст бўлмаган" давлатларга газни рублда сотиш тартибини тасдиқлади. 

Шундан сўнг Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Россияга қарши санкцияларни бузмаган ҳолда рус гази учун рублда тўлов қилишга рухсат берилди.

Жорий йилнинг 27 апрель куни Россиянинг "Газпром" компанияси Польша ва Болгарияга тўловни рублда амалга оширмагани учун газ етказиб беришни тўхтатиб қўйди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 194
Рейтинг: 3
t
×