Европа Россия газига қарамликдан қутилдими?

Олам

image

Европа давлатлари жорий йилда Россиядан денгиз орқали ташиладиган суюлтирилган табиий газни рекорд миқдорда харид қилди. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Россиядан Европага ўтадиган қувурларда газ тўхтаган бўлса-да, танкерлардан ташиладиган суюлтирилган газни экспорт қилиш ҳамон давом этмоқда. Бу эса Европанинг Россия газига қарамликдан қутилмаганини кўрсатади.

Европа давлатлари жорий йилнинг январидан октябригача Россиядан харид қилган газ 2021 йилнинг худди шу даврига нисбатан 40 фоизга кўпроқдир. “Бу Брюсселнинг Москва газидан воз кечиш ҳақидаги даъволарига қарамай, Россиянинг газига қарамликдан қутулиш қийинлигини кўрсатади”, деб ёзади нашр.

Охирги ўн ой давомида Россия Европага 17,8 миллиард метр куб газ экспорт қилган. Бироқ шу давр ичида қувур линиясидан 62,1 миллиард метр куб газ Европага оққан бўларди. Шундай бўлса-да, суюлтирилган газни экспорт қилаётган Европа Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни энергия “қуроли” билан таъминлади.

Глобал тадқиқот марказининг таҳлилчиси Анн-Софи Корбо Россиядан суюлтирилган табиий газ сотиб олишнинг оқибатларидан огоҳлантирди.

“Бир куни Путин уйғониб, “биз Европага суюлтирилган табиий газ жўнатишни тўхтатамиз”, дейиши мумкин. Бу эса минтақани янада қимматроқ бозордан газ сотиб олишга мажбур қилади”, дейди таҳлилчи.

Унинг қўшимча қилишича, Россия сиёсий ютуқларга эришиш ва европаликларга босим ўтказиш учун суюлтирилган газ танкерларини Покистон, Бангладеш каби энергияга чанқоқ мамлакатларга йўналтириши мумкин. Чунки юқоридаги каби давлатлар энергия тақчиллигидан азоб чекади ва уларнинг газ сотиб олишга қурби етмайди.

Баъзи Европа давлатлари энергия хавфсизлиги туфайли Россия газига нисбатан санкциялар киритмади.

Россия Украинага бостириб киргач, қувурлар орқали газ оқимини тўхтатиб, Европа учун кундалик ҳаёт тарзини ёмонлаштиришга ҳаракат қилди. Қолаверса, Россия қувурларни тўхтатиш орқали энергия нархининг ҳам қимматлашига сабабчи бўлди.

“Bruegel” таҳлилий маркази маълумотларига кўра, Россиядан қувурлар орқали газни экспорт қилиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 80 фоизга камайган.

Европага Россиядаги суюлтирилган табиий газнинг катта қисми “Новатек” компаниясига тегишли бўлган “Yamal LNG” қўшма корхонасидан келади.

Россия 2017 йилдан буён Европа учун етакчи учта энергия манбасидан бири ҳисобланади. Европа сўнгги уч йил ичида умумий импорт қилган газнинг қарийб 20 фоизини Россиядан олган. АҚШдан эса энергиянинг 42 фоизи сотиб олинган. Кучли учликни Қатар якунлаб берган. Араб мамлакати Европанинг газга бўлган талабининг 13,7 фоизини қондиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

249

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг