Европа ортидан Канада ҳам Кремль “корчалонларини“ “қора рўйхат"га киритди
Олам
−
25 Март 2021
5519Канада ҳукумати Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний билан боғлиқ вазият туфайли мамлакатнинг 9 нафар амалдорига қарши санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда Канада Ташқи ишлар вазири Марк Гарнонинг кеча, 24 март куни эълон қилган баёнотида айтилган.
Маълум қилинишича, ушбу рўйхатга Россия Федерацияси Президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников, Росгвардия қўмондони Виктор Золотов, Президентнинг ички сиёсат бўлими бошлиғи Андрей Ярин, Мудофаа вазирининг ўринбосарлари Алексей Криворучко ва Павел Попов, Сибир Федерал округи мухтор вакили Сергей Меняило, Жазони ижро этиш Федерал хизмати бошлиғи Александр Калашников ва Бош прокурор Игорь Краснов киритилган.
Хабарга кўра, улар учун Канадага кириш тақиқланади ва ушбу мамлакатда мавжуд бўлган барча банк ҳисоб рақамлари ёпилади.
Баёнотда таъкидланишича, санкциялар Россия маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорларга босим ўтказиш бўйича келишилган дипломатик ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади.
Марк Гарнога кўра, ушбу чоралар Канада қонунчилигига мувофиқ “Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши“га жавобан қабул қилинган ҳамда АҚШ ва ЕИ томонидан март ойининг бошларида амалга оширилган шу каби ҳаракатлар билан мувофиқлаштирилган.
“Канада Россия халқини репрессиялардан қўрқмасдан ўзларининг эркин фикр билдириш ва тинч йиғилиш ҳуқуқидан фойдаланиш истагини қўллаб-қувватлайди“, дейди Канада ТИВ раҳбари.
Ўз ўрнида Россиянинг Канада пойтахти Оттава шаҳридаги элчихонаси санкция қўлланишига доир баёнотга қуйидагича жавоб қайтарди:
“Россияга қарши навбатдаги санкциялар халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан самарасиз, ноқонуний ҳисобланади ва жавобсиз қолмайди“, дейилади элчихона баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 2 март куни АҚШ Молия вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқи мухолифатчи Алексей Навальний билан боғлиқ вазият юзасидан Россиянинг бир қатор юқори лавозимдаги амалдорларига қарши санкциялар қўллаши ҳақида қарор қабул қилганди. Уларнинг орасида Канаданинг ҳам санкция рўйхатига тушган Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Краснов, Жазони ижро этиш Федерал хизмати бошлиғи Александр Калашников, Мудофаа вазири ўринбосарлари Алексей Криворучко ва Павел Попов ҳамда Росгвардия қўмондони Виктор Золотовлар бор эди.
Маълумот ўрнида, 2 февраль куни Москванинг Симоновск суди Алексей Навальнийнинг “Ив Роше” иши бўйича шартли ҳукмини ҳақиқий жазо билан алмаштирди. Мухолифатчи 2,5 йилни колонияда ўтказадиган бўлди. Бундан ташқари, суд Иккинчи Жаҳон уруши фахрийсига қарши туҳмат ҳолати бўйича Алексей Навальнийга 850 минг рубль миқдорида жарима ҳам солган.
Айни вақтда Навальнийнинг адвокати у билан учраша олмаётгани ва мухолифатчининг соғлиғида муаммолар пайдо бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.
LiveБарчаси