Европа Навальний иши бўйича терговчи, прокурор ва судьяларга санкция эълон қилди

Олам

image

Европа Иттифоқи Федерал жазони ижро этиш хизматига, шунингдек, Алексей Навальний, “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари маркази бошқаруви раиси Олег Орлов, рассом Саша Скочиленко ва бошқа маҳбуслар ишида иштирок этган 19 нафар терговчи, прокурор ва судьяга нисбатан санкциялар жорий қилди. Рўйхат Европа Иттифоқига кўра, Россия Федерациясида инсон ҳуқуқларини бузаётганларга қаратилган Россияга қарши янги санкциялар режими доирасида тасдиқланган. 

“Европа Иттифоқи Россиядаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ички репрессияларни қоралашда қатъий қолмоқда. Вазиятнинг жиддийлигини ҳисобга олиб, Кенгаш жисмоний ва юридик шахслар рўйхатига 19 жисмоний ва 1 юридик шахсни қўшиш керак деб ҳисоблайди”, дейилади расмий баёнотда.

Санкция рўйхатига, хусусан, Москва шаҳар суди судьяси Татьяна Додонова,  Федерал жазони ижро этиш хизмати инспекцияси бошлиғи Александр Ермоленко, прокурор Александр Гладишев, РФ Тергов қўмитаси терговчиси Иля Савченко,  Москванинг Головинск туман суди судьяси Елена Астахова ва Олий суд судьяси Николай Дубовик киритилган.

Барча шахсларнинг Европа Иттифоқи ҳудудига кириши тақиқланади ва уларнинг активлари, агар Европа Иттифоқи мамлакатларида топилса, музлатилади. 

Бугун, 27 май куни Европа Иттифоқининг 27 давлати ташқи ишлар вазирлари Россия Федерациясида ҳамжамият фикрича, инсон ҳуқуқларини бузаётган жисмоний ва юридик шахсларга қаратилган Россияга қарши янги санкциялар режимини тасдиқлади. Тахминларга кўра, янги режим ЕИга Россияда мухолифатни таъқиб қилиш учун масъул бўлган шахслар ва ташкилотларга қарши санкциялар қўллаш имконини беради. Норасмий равишда янги режим Алексей Навальний номи билан аталган.

Маълумот учун, 2020 йилда заҳарланишдан омон қолган сиёсатчи Алексей Навальний жорий йилнинг 16 февраль куни Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган “Қутб бўриси” махсус режимли колониясида ноаниқ шароитда вафот этди. Навальнийнинг тарафдорлари унинг ўлдирилганини даъво қилиб, унинг ўлими сабабларини текширишга ваъда берди.

Навальнийнинг жасади 24 февраль куни онаси Людмила Ивановнага топширилди. Бунгача аёл Тергов қўмитаси Навальнийнинг дафн маросимини оммадан яширин ўтказишга рози бўлишини талаб қилган ультиматум қўйганидан шикоят қилган. Людмила Навальная бу талабни бажаришдан бош тортди.

Навалнийнинг дафн маросими 1 март куни Москвадаги Борисов қабристонида бўлиб ўтди. Сиёсатчи билан хайрлашиш учун ўн минглаб одамлар келди. Гул қўйиш ва Навальний билан хайрлашиш учун навбатлар дафн маросимидан кейинги кунларда ҳам давом этди.


Мақола муаллифи

Теглар

санкция Алексей Навальний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг