Европа Иттифоқи Россияни шантажда айблади

Олам

image

Европа Иттифоқи Россияни Польша ва Болгарияга табиий газ етказиб беришни тўхтатганини қоралаб, бу қарорни “адолатсиз ва қабул қилиб бўлмас” ҳаракат деб атади.

“Россиянинг “Газпром” компанияси Европадаги истеъмолчиларга газ етказиб беришни бир томонлама тўхтатди. Бу Россиянинг табиий газдан шантаж воситаси сифатида фойдаланишга уринишидан бошқа нарса эмас”, деган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия раҳбари Польша ва Болгарияга Россия газининг етказилишининг тўхтатилишини “адолатсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган” қадам деб атаган.

“Бу ҳолат Россия табиий газнинг ишончсиз етказиб берувчиси эканлигини яна бир бор кўрсатди. Биз бундай сценарийга тайёрмиз”, деган фон дер Ляйен.

Еврокомиссия раҳбарининг таъкидлашича, Брюссель Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар билан яқин алоқада бўлиб, муқобил етказиб бериш ва сақлашнинг таъминлаш устида иш олиб боряпти.

“Европа Иттифоқи давлатлари фавқулодда вазиятлар учун оежалар ишлаб чиқди. Ушбу ташаббуслар доирасида газни мувофиқлаштириш бўйича йиғилиш ўтказилди”, дея қўшимча қилган фон дер Ляйен.

Аввалроқ Россиянинг "Газпром" компанияси Польша ва Болгарияга тўловни рублда амалга оширмагани учун газ етказиб беришни тўхтатиб қўйгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.

Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.

Жорий йилнинг 31 март куни Путин "дўст бўлмаган" давлатларга газни рублда сотиш тартибини тасдиқлади. 

Шундан сўнг Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Россияга қарши санкцияларни бузмаган ҳолда рус гази учун рублда тўлов қилишга рухсат берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг